АҚШнинг Жоржия штатида демократлар Жон Оссофф ва Рафаэл Уорнок Сенатга сайловнинг иккинчи босқичида республикачилардан устун келишмоқда, деб хабар бермоқда The Washington Post. Якуний натижалар 8 январда эълон қилинади.

Ушбу ғалаба натижасида, Сенатда республикачи ва демократлар партиясидан 50 нафардан вакил бўлди. Эндиликда, АҚШ сенатида овоз бериш жараёнида овозлар тенг бўлинса (50/50), вице-президент овози ҳал қилувчи бўлади.

АҚШнинг янги вице-президенти Камала Ҳаррис демократ эканлигини ҳисобга олиб, Сенат демократлар назоратига ўтганлигини тушуниш мумкин.

Бундан ташқари, ноябрь ойидаги сайловларда Конгресс вакиллар палатасида ҳам назорат демократлар қўлига ўтган эди.

Шундай қилиб, Конгрессдаги тўлиқ назорат ва президентлик лавозими демократлар қўлида тўпланди.

Бу ҳолат охирги маротаба 2009−2011 йилларда Барак Обама президентлиги даврида кузатилган эди.