Навоий вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси раҳбари Баҳодир Мансуров оиласига тегишли қурилиш корхонаси бир неча миллиардлик давлат буюртмаларини олган, давлат буюртмалари бўйича тендер ёки танлов комиссиялари фаолиятида Баҳодир Мансуров фаол иштирок этган. Бунга блогер Davletovuz эътибор қаратди.

2019 йилнинг 19 мартидан Навоий вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясига, яъни вилоятдаги қурилишлар бўйича асосий давлат буюртмачисига Мансуров Баҳодир Пулатович раҳбар этиб тайинланган. Очиқ маълумотларга кўра, бир неча миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритган Mexrangez B-2002 МЧЖ Баҳодир Мансуров оиласига тегишли бўлган.


Навоий вилояти Кармана тумани «Боғишамол» МФЙ ҳудудидаги 30-сонли мактабни реконструкция қилиш (240 ўринли ўқув блоки қуриш) объекти бўйича тендер комиссияси йиғилиши 2020 йилнинг 3 июнида ўтказилган бўлиб, қиймати 2 млрд сўмлик мазкур объектнинг тендер ҳужжатларига Баҳодир Мансуров комиссия раиси ўринбосари сифатида қўл қўйган. Маблағлар эса Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган.

Бундан ташқари, Навбаҳор тумани 8-сонли мактабгача таълим муассасаси биносини мукаммал таъмирлаш (125 ўринли блок қурилиши) объекти ҳам Mexrangez B-2002 МЧЖга берилган. Деярли 2,8 млрд сўмлик ушбу объект бўйича 2019 йилнинг августида ўтказилган танлов комиссиясида Баҳодир Мансуров комиссия раиси бўлган.

Ҳозирги кунда Mexrangez B-2002 компаниясининг барча улуши Мансуров Саодат Омоновнага (маълумотларга кўра турмуш ўртоғи) тегишли бўлиб, унга Мансуров Меҳрангез Баҳодирович (маълумотларга кўра фарзанди) раҳбарлик қилади.

Маълумот учун, Навоий вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси бош муҳандиси бўлиб ишлаган А. Турдиев ҳужжатларга 2020 йилнинг июль ойидан 2021 йилнинг январигача компания директори в.б. сифатида имзо қўйиб келган. Январь ойидаги охирги актуал маълумотлар, жумладан, Давлат статистика қўмитаси сайтининг корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар базасида эса Баҳодир Мансуров яна Навоий вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси раҳбари сифатида кўрсатиб ўтилмоқда, дейилади Davletovuz хабарида.

Шунингдек, блогер Навоий вилоятидаги яна бир ҳолатга этибор қаратди. Очиқ маълумотларга кўра, Навоий вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси Баҳодир Мансуров раҳбарлик қилган даврда бош муҳандис бўлиб ишлаган, 2020 йилнинг июлидан компания директори в.б. сифатида фаолият юритиб келаётган Турдиев Алишер Бахромович оиласига тааллуқли компания — «Бахромбек келажаги» МЧЖ ҳам бир неча миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритиб келган.

Компания улуши тўлиғича Мавлонов Жавлонбек Абдихамидовичга тегишли. Davletovuz’нинг маълум қилишича, у Алишер Турдиевнинг куёви — синглисининг турмуш ўртоғи ҳисобланади.

«Бахромбек келажаги» МЧЖ Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги 24-мактабни реконструкция қилиш (160-ўринли ўқув блоки қуриш) объекти бўйича тендерда (2 млрд сўмдан ортиқ), Кармана тумани 20-сонли умумтаълим мактабини реконструкция қилиш (180 ўринли ўқув блоки қурилиши) бўйича танловда (1,8 млрд сўмга яқин), Зарафшон шаҳридаги «Кичик саноат зонаси» худудида сув ва канализация таъминоти учун ташқи муҳандислик тармоқларини қуриш бўйича танловда (108 млн сўм) ғолиб бўлган. Блогернинг таъкидлашича, булар фақат охирги 1−2 йилдаги давлат буюртмалари.

Шунингдек, Навоий вилоят ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ахборот хизмати 2020 йилда қурилган ижтимоий объектлар ҳақида материал ҳам эълон қилган. Унда айтилишича, компаниянинг 50 кишилик аҳил жамоаси 77,6 млрд сўмлик 30 та ижтимоий соҳа объектлари бунёд этилишига ҳисса қўшишган.

«Давлат буюртмаларининг қариндош-уруғларга тегишли компанияларга берилиши, назаримизда, айсбергнинг бир учи, холос. Чунки кўраяпмизки, жамият ва давлат манфаатлар тўқнашувининг нотўғрилигини ҳатто қоралаш даражасида эмас. „Ҳамма билади-ку, бугун пайдо бўлмаган нарса“ деган изоҳлардан ҳам буни сезса бўлади. Ҳали фаворитизм (синфдош, армиядош, земляк), откат (яширин пора), қурилишлар сифати, рақобат муҳитини бузиш, тадбиркорлик ривожига тўсқинлик қўйиш ҳақида ҳеч нарса дейилмаяпти», — дейди Davletovuz ўз Telegram каналида.

«Газета.uz» ҳокимлик матбуот хизматидан бу масала бўйича изоҳ сўради. Хизматнинг хабар беришича, тез орада бунга изоҳ берилади.