5 январь куни Ўзбекистондаги бир қатор иссиқлик электр станцияларида қисман электр узилишлари юз берди. Энергетика вазирлиги ИЭСнинг фавқулодда вазиятларни бошқариш ускуналари Марказий Осиё ва Қозоғистонни боғлайдиган ягона энергия тизимининг электр узатиш линияларининг режадан ташқари ўчирилиши сабабли ишга туширилганлиги ҳақида хабар берди.

Тўрақўрғон ИЭС (унинг қуввати 750 дан 500 МВтгача пасайган), Тахиатош ИЭС (280 дан 150 МВтгача), Навоий ИЭС (450 дан 230 МВт гача), Тошкент ИЭС (370 дан 180 МВт гача) ва Талимаржон ИЭСнинг (умумий қуввати 900 МВт) иккита агрегати автоматик равишда ўчирилди. Электр узилишлари бир қатор вилоятларга таъсир кўрсатди.

Қозоғистон Электр тармоқлари бошқарма компаниясининг (KEGOS) хабар беришича, 5 январь куни соат 17:41 да Қозоғистоннинг ягона энергия тизимининг шимоли-жанубий транзити параллель ишлашининг барқарорлиги бузилди.

Шу сабабли, ускуна бузилишининг олдини олиш учун шимоли-жанубий Қозоғистон транзитининг 500кВлик учта ҳаво линиялари ва 220кВ битта линия автоматик тарзда ўчган. Натижада Қозоғистоннинг ягона энергия тизими жанубий ҳудуди ва Марказий Осиёнинг умумий энергия тизими 48,31 Гц частотасигача пасайган ҳолда ишлашда давом этди.

Тезкор маълумотларга кўра, Қозоғистоннинг Олмаота, Жамбил, Қизилўрда, Қарағанда ва Туркистон вилоятларидаги чекловлар ҳажми 959 МВтни ташкил этди.

«Узилиш манбаи — Талимаржон ИЭСда иккита 450 МВт қувватли умумий циклли электр станцияларидаги узилишлар, шунингдек бошқа бир қатор электр станцияларда ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиши бўлган Ўзбекистон энергия тизими ҳисобланади», — дейилади KEGOS баёнотида.

Қирғизистон Миллий электр тармоғининг хабарида айтилишича, 5 январь куни соат 17:43 да Марказий Осиёнинг ягона энергия тизими Қозоғистон шимолидаги ягона энергия тизимидан ажралиб чиққан.

«Автоматик частотани тушириш (АЧТ) ишга тушгунча энергия тизимидаги частота камайди. Бунга Ўзбекистон энергетика тизимининг ортиқча электр энергияси сабаб бўлган», — дейилади хабарда.

17:59 да ЭУЛ-530 Қозоғистон энергия тизимидаги транзит таркибига киритилди, частоталарни тартибга солиш эса Қирғизистон энергия тизимидан олиб ташланди. Соат 18:15да ЭУЛ-532 ва ЭУЛ-539 транзит таркибига киритилди ва АЧТдан узилган истеъмолчиларга электр таъминоти тикланди, деди қўшни мамлакат энергетика компанияси.