6 январь куни Сенатнинг 11-ялпи мажлисида «Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида"ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков қонун ҳақида фикр билдириб, «Авваллари бу соҳада якдил, унинг ҳамма йўналишларини қамраб олувчи қонун даражасидаги ҳужжат бўлмаган. Маданият соҳасидаги фаолиятлар 29 йил давомида қонуности ҳужжатлар билан тартибга солиб келинди», — дея таъкидлади.

Қайд этилишича, Россия Федерацияси, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Молдавия, Арманистон ва Украина каби давлатларда маданият соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишга қаратилган барча ҳуқуқий нормаларни ўз ичига қамраб олган «Маданият тўғрисида"ги ягона қонунлар, Европада, жумладан, Германияда 2016 йилда «Маданий бойликларни ҳимоя қилиш тўғрисида"ги, Италияда эса «Маданий қадриятлар тўғрисида"ги қонун қабул қилинган.

Ўзбекистон маданият соҳасидаги барча ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи ягона қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилишида эса айнан мазкур давлатларнинг тажрибаси ўрганилган ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларининг миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилинишини таъминлайди.

Қонунда маданият соҳасида давлат сиёсатининг мақсади ва асосий устувор йўналишлари, мазкур йўналишдаги ҳуқуқий муносабат иштирокчиларини аниқлаш ва уларнинг ваколатлари, истеъдод эгалари ва маданият муассасаларининг ҳуқуқий мақоми қамраб олинган.

Унда, шунингдек, давлат маданият муассасалари ва ташкилотларига «Миллий» ёки «Академик» мақомини бериш, маданият соҳасида халқаро ҳамкорлик, театр, цирк фаолиятига доир нормалар акс этган.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати, маданият марказларига оид нормалар киритилган бўлиб, унга кўра, соҳада халқ ижодиётини ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш, янги истеъдодларни кашф қилиш, оммавий байрамлар, томошалар ҳамда халқ сайилларини ташкил этиш масалаларида тизимли фаолият юритиш белгилаб қўйилган.

Ушбу қонун билан «маданият ходими», «ижодкор», «ижодий жамоа», «ижодий фаолият», «маданий тадбирлар», «маданий тадбир ташкилотчиси» каби тушунчаларига илк маротаба аниқ таъриф берилмоқда.