Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев мамлакат ери аждодлардан мерос бўлиб қолганлигини, «бу кенг ҳудудни ташқаридан ҳеч ким қозоқларга бермаган ва бир неча асрлар давомида чегаралар халқаро шартномалар томонидан расман тан олинганлигини» таъкидлади.

«Вақт шуни кўрсатдики, биз қатъият билан музокара олиб боришимиз ва дарҳол ўзимизнинг пойдеворимизни мустаҳкамлашимиз керак. Энди улар нима дейишидан қатъи назар, бизда халқаро миқёсда тан олинган, икки томонлама шартномалар билан белгиланган чегарамиз бор. Энди у билан ҳеч ким баҳслашолмайди», — деди давлат раҳбари.

«Аждодларимиздан мерос бўлиб ўтган муқаддас заминимиз бизнинг асосий бойлигимиздир. Ушбу улкан ҳудудни ҳеч ким қозоқларга бермаган. Бизнинг тарихимиз 1991 ёки 1936 йилларда ўлчанмайди. Қозоқ хонлиги, Олтин Ўрда, Турк хоқонлиги, хун ва саклар даврида бу ерда халқимиз яшаган ва улғайган. Миллий тарихимизнинг чуқур илдизлари қадим замонларда ётади», — деб қўшимча қилди Тоқаев.

«2018 йилда Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги конвенция имзолангандан сўнг бизнинг чегараларимиз нафақат қуруқликда, балки денгизда ҳам белгилаб берилган», — деб эслатиб ўтди Тоқаев.

Унинг сўзларига кўра, ҳудудий яхлитликка шубҳа қиладиган ва яхши қўшничилик муносабатларини танқид қиладиган «баъзи бир чет элликларнинг провокацион ҳаракатларига» расмий ва оммавий равишда қарши туриб, маърифий ишларни олиб бориш керак.

«Яна бир бор таъкидлашни истардимки, биз миллий манфаатларни ҳимоя қилишга тайёр бўлишимиз керак», — деди Тоқаев.

Токаев, шунингдек, «Қозоғистон ерлари бирон бир чет эл фуқаросига берилмайди ва ҳеч қачон сотилмайди» деб таъкидлади.

Декабрь ойида Россия Давлат Думаси Таълим ва фан қўмитаси раиси ва «Катта ўйин» дастурининг бошловчиси Вячеслав Никонов давлатга қарашли Биринчи канал эфирида «Қозоғистон шунчаки мавжуд эмас эди, Қозоғистоннинг шимолий қисмида умуман аҳоли йўқ эди. Қозоғистон ҳудуди — Россиянинг ажойиб совғаси» деб айтган эди.

Кейин Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги «Россия айрим сиёсатчиларининг Қозоғистонга қарши тобора тез-тез учраб турадиган провокацион ҳужумлари иттифоқчилик муносабатларига жиддий зарар етказмоқда» деб таъкидлади.