Давлат тест маркази (ДТМ) ЮНИСEФ ва ҳамкорларнинг U-Report рақамли платформаси орқали ўтказилган сўров натижаларини эълон қилди. 2020 йилда ОТМларга кириш имтиҳонлари шаффоф ўтдими, деган саволга 3813 кишидан 28%и ижобий, 24% салбий жавоб берган, 38%и шаффофликни «ўртача» деб баҳолаган.

3766 кишидан 14 фоизи кириш имтиҳонлари пайтида коррупция ёки бошқа ноқонуний ҳолатларга гувоҳ бўлишганини билдиришди. 3717 нафар респондентнинг 32%и имтиҳон пайтида абитуриентлар томонидан қоидабузарлик ҳолатларига гувоҳ бўлган. 10059 нафар респондентнинг 24%и кириш имтиҳонларини янада адолатли ўтказиш учун умумтаълим фанлардан сертификатларни жорий этишни таклиф қилди. Нодавлат ташкилотлари ёки ОТМларнинг ўзлари томонидан имтиҳонларни ўтказилишига мос равишда 8% ва 7% овоз беришди.

Сўровнома «ёшларнинг олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини топшириш жараёнига муносабатини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва кириш имтиҳонлари тизимини такомиллаштириш» мақсадида ўтказилди, деб хабар беради ДТМ. Сўров натижалари қизиқ бўлиши мумкин, аммо улар, назаримда, муаммоларнинг илдизини аниқлашга ёрдам бермайди. Бунинг учун кириш тестлари билан боғлиқ жараёнларни тестология — тест ҳақидаги фан талабларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан таҳлил қилиш керак.

«Газета.uz» таҳририяти ДТМга кириш имтиҳонлари ва марказ фаолияти билан боғлиқ бир қатор саволлар билан мурожаат қилган эди. 3 декабрь куни саволларга жавоблар олинди ва бу жавоблар ДТМ томонидан ўтказилган тестларни илмий нуқтаи назардан таҳлил қилишга ёрдам беради.

Тест топшириқларининг сифати — «бўлаверади"ми?

Илмий нуқтаи назардан, тест — бу билим, кўникма, малака ёки компетенцияларни ўлчашдир. Агар тест жараёнига ўлчов жараёни сифатида қаралса, тест топшириқлари ўлчов воситаси бўлиб хизмат қилади. Абутуриентлар томонидан ушбу топшириқларнинг бажарилишига қараб, маълум бир хулосаларга келинади: абитуриент А абитуриент Бга нисбатан кўпроқ (ёки камроқ) билади, танланган йўналишда ўқишни давом эттиришга тайёр (тайёр эмас), шунинг учун биз уни ОТМга (коллежга ва ҳ.к.) қабул қиламиз (қабул қилмаймиз).

Ҳар қандай ўлчов воситаси сифатни назорат қилиш жараёнидан ўтиши керак. Масалан, давлат электр энергияси, газ ва сув сарфланишини ҳисоблайдиган мосламаларини ўрнатишдан олдин ва фойдаланиш жараёнида сертификатлаш ва текширишга мажбур қилади.

Худди шу тарзда, билимларни ўлчаш воситалари — тест топшириқлари ёрдамида кимнингдир билимини синаб кўришдан олдин бу топшириқлар сифатни тасдиқлаш жараёнидан ўтиши керак. Бу мураккаб ва сермашаққат жараён бўлиб, бир неча йил давом этиши мумкин. Ушбу жараённинг мажбурий босқичларидан бири — бу тест топшириқларини апробация қилишдир (тажриба-синовдан ўтказиш), чунки унинг натижаларига кўра статистик маълумотлар — тест топшириқлари қай даражада сифатли ишлаб чиқилганлигини кўрсатувчи рақамлар олинади.

Ҳар қандай ўлчов мосламасида бўлгани каби, тестларда ҳам хатолик бўлади. Фанда бу хатолик ўлчашнинг стандарт хатоси деб аталади. Апробация ушбу хатолик фанда қабул қилинган қийматлар чегарасида эканлигига ишонч ҳосил қилишга ёрдам беради.

Пандемия шароитида, оммавий тадбирлар тақиқланган пайтда апробация жараёнлари қандай ўтказилди, деган саволга қуйидагича жавоб олдик: «Тест топшириқларининг дастлабки апробацияси 2019 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ўтказилди. Кейинги апробация 2020 йил апрель ойида ўтказилиши режалаштирилган эди, лекин пандемия муносабати билан имкони бўлмади. Шундай бўлса-да, E-Sinov тизими орқали тест топшириқлари онлайн тақдим қилиб борилди ва ишлатилган тест топшириқлари таҳлил қилинди. Шунингдек, 2019 йилда нашр этилган тест тўпламларидаги топшириқлардан фойдаланилди».

Мазкур жавобни таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз. Дастлабки апробациядан сўнг, унинг кейинги босқичлари ўтказилмаган. Тест топшириқларининг сифатига эса бир марталик апробация билан ишонч ҳосил қилиш мумкин эмас. Дастлабки апробациядандан сўнг топшириқларга зарурий ўзгартиришлар киритилади ва қайта апробацияга олиб чиқилади. Бу жараён апробация натижасида олинган статистик кўрсаткичлар фанда қабул қилинган меъёрларга мос тушмагунча қайта ва қайта такрорланади. Бу дегани — 2020 йилда қўлланилган тест топшириқларининг сифати талабларга жавоб беришига кафолат ёки далиллар мавжуд эмас.

Онлайн тизимга киритилган тест топшириқлари таҳлилига келсак, апробация шундай ўтиши керакки, унда қатнашувчилар тестларни ҳақиқий имтиҳонларга имкон қадар яқин шароитларда ечиши лозим. Абитуриентлар топшириқларни онлайн тарзда бажаришида ушбу шартлар бажарилмайди, демакки, топшириқларнинг сифатини таҳлил қилишда «онлайн апробация» натижасида олинган маълумотларга таяниш мумкин эмас.

Олдинги йилларда чоп этилган материаллардан тестларда фойдаланиш ҳам ўлчов воситаси бўлмиш тестларнинг сифатини оширишга хизмат қилмайди. Биринчидан, абитуриент мавзуни билгани учун эмас, балки репетитор ёки бошқа биров томонидан айтилган тўғри жавобни эслаб қолганлиги сабабли тестларни тўғри ечиши мумкин. Мазкур ҳолат мавзу бўйича билим эмас, балки хотира синовдан ўтказилишини англатади. Иккинчидан, тестлар таркибидаги ҳар қандай ўзгаришлардан сўнг, уларнинг сифатини қайта апробациядан ўтказиш керак.

Охирги таъкидни яққол мисол билан тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Махсус металл қотишмаларидан тайёрланган ва ишлатишдан олдин синовдан ўтказилган тарози тошларини кўз олдимизга келтирамиз. Агар тошлар қотишмасининг таркиби ўзгартирилса, уларнинг хусусиятлари ўзгаради, яъни қайта текширишдан ўтказиш зарурати пайдо бўлади. Худди шундай, бир тест варианти ўлчов учун бир оғирлик тоши каби, ўзига хос тест топшириқлари йиғиндисидан иборат бўлиб, ҳар доим ушбу йиғинди ўзгарганда, масалан, тестга бошқа топшириқлар киритилганда унинг сифатига ишонч ҳосил қилиш учун қайта синов зарур.

ДТМ энг юқори балл тўплаган абитуриентлар сони ўтган йилларга нисбатан кўпроқ бўлганини таъкидлаб, буни «тест топшириқлари соддалаштирилганлиги», «тест топшириладиган фанлар сони камайтирилганлиги», «тест топшириқларини ечиш учун вақт миқдори оширилганлиги» ва «тилни билиш сертификатларига максимал балл берилганлиги» билан изоҳлади.

Бироқ, тестология фанининг ўз қонуниятлари бор. «Балларнинг нормал тақсимоти» деган тушунча мавжуд ва агар нормал тақсимот кузатилмаса (максимал балларнинг кўпайиши эса нормал тақсимотнинг бузилишидир), демак, бу тестларнинг сифати билан боғлиқ муаммолар борлигини англатади. Ва бу муаммоларни бошқа турли хил омиллар билан «хаспўслаш» мумкин эмас.

Юқорида айтиб ўтилганларни умумлаштирган ҳолда шуни таъкидлаш лозимки, тестларда ишлатиладиган ҳар қандай тест топшириғи апробациядан ўтиши керак ва бу апробация бир марта билан чекланиши мумкин эмас, чунки апробациялар натижасида топшириқлар сифатини таҳлил қилиш учун керакли рақамлар олинади.

Тест варианти таркибидаги ҳар қандай ўзгариш ҳам апробацияни талаб қилади. ДТМ вакиллари пандемиядан олдин ҳам бутун тест топшириқлари базаси апробациядан ўтмаслигини инкор қилмаган эдилар. Абитуриент қўлига тушадиган кўринишдаги тест варианти эса ҳеч қачон апробациядан ўтмайди, чунки бу вариант имтиҳондан олдин генерация қилинади.

Демак, ОТМлар, коллежлар, техникумлар, магистратуранинг айрим йўналишлари, кейинги йилдан бошлаб эса лицейлар ва ихтисослаштирилган мактабларга ўқишга кираётган миллионлаб абитуриентларнинг келажакдаги тақдирини ҳал қилишда фойдаланиладиган тестлар сифатига қўйиладиган илмий талабларга риоя қилиниши катта савол бўлиб қолмоқда.

Тестларнинг мазмуни: жиддий оқибатларга олиб келадиган муаммо

Тестлар «қорича» ёдлаш даражасини текширмаслиги лозимлиги борасида бир неча бор айтганман. Шунингдек, бир неча бор қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қарамай, бу муаммо ечилмай қолаётганини ҳам ёзган эдим. Бу йилги имтиҳонлардан сўнг ижтимоий тармоқларда тарқалган, шунингдек, ДТМ сайтида эълон қилинган тест топшириқлари намуналарини таҳлил қилсак, уларда «ким?», «нима?», «қаерда?», «қачон?» сингари саволлар кўплигини кўриш мумкин, демак, яқин келажакда қорича ёд олишдан фориғ бўлишимиз даргумон.

«Газета.uz» таҳририятининг хотира тестидан таълим стандартларига белгиланган компетенцияларни синашга қачон ўтилиши тўғрисидаги саволига «ДТМ тест топшириқлари сифатини оширишга ҳамиша эътибор қаратиб келган», «тест топшириқлари Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва амалдаги дарсликлар асосида шакллантирилади», «компетенцияга асосланган тест топшириқларини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ шакллантирилган» деб жавоб беришди.

Бир нарсани тушуниш лозим. Компетенцияни текширувчи ва «дарсликлар асосида тузилган» тестлар — бу бир-бирини истисно қилувчи тушунчалардир. Компетенция бу Давлат таълим стандартида белгиланган таърифга асосан билим, кўникма ва малакаларни кундалик ҳаётда қўллаш қобилиятидир. Бу дегани, агар мақсад компетенцияларни синаш бўлса, унда тест топширувчи дарслик чегарасидан чиқиб, дарслик ёрдамида олган билимларини турли вазиятларда қандай ишлата олишини кўрсатиши керак.

Оддий мисол. Тасаввур қилайлик, математикадан «квадрат тенгламалар» мавзуси ўтилган. Агар ўқитувчи ўқувчиларда квадрат тенгламаларни ечиш кўникмаси шаклланганлигини текширмоқчи бўлса, у ҳолда у назорат ишида уларга дарсликда бўлмаган ва синфда ечилмаган янги тенгламаларни ечишни беради. Акс ҳолда, ўқувчи шунчаки ёдлаган ечимларини такрорлаши мумкин. Агар ўқитувчи ўқувчида компетенцияни текширмоқчи бўлса, ўқувчиларга шундай ҳаётий муаммо бериши керакки, уни ечиш учун квадрат тенгламалардан фойдаланиш зарур бўлсин.

Чет тиллари ўқитувчиларига устама белгилаш мақсадида ўтказиладиган тест синовларида турли халқаро имтиҳонларга тайёрланиш учун чоп этилган қўлланмалар ва сайтларда берилган топшириқлардан фойдаланиш ҳам хотира тести сифатида кўрилиши мумкин. Ўқитувчи чет тилини етарли даражада билгани учун эмас, балки жавобларни олдиндан ёд олгани учун тестдан керакли балл тўплаб ўтиши мумкин. Бундан ташқари, агар мазкур қўлланма ёки сайт муаллифлари ДТМ тестларида ўз материалларидан фойдаланишга ёзма розилик беришмаган бўлса, бундай ҳаракатга давлат органининг муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунларни бузиши сифатида қаралиши мумкин.

Агар халқаро тажрибага назар ташласак, IELTS, TOEFL, SAT, A-Level ва бошқа имтиҳонлар дарсликлар асосида ишлаб чиқилмайди. Улар компетенцияни синашга қаратилган, ўқитувчи ва ўқувчи эса компетенцияларни ривожлантириш учун ҳар қандай дарсликлардан фойдаланиши мумкин. Бизда эса ДТМ томонидан нашр этилган дарсликлар рўйхатига биноан, бу йил мактабни тугатаётган ўн биринчи синф ўқувчиси 2020 йил чоп этилган 5-синф дарсликларини ўрганиб чиқиши керак, ваҳоланки у бешинчи синф ўқувчиси бўлганида бу дарсликлар ҳали мавжуд бўлмаган эди.

Хотирани текширувчи тестларнинг нимаси ёмон? Биринчидан, маълумки, баҳолаш тизими таълим тизимидаги устувор йўналишларни кўрсатади ҳамда ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг ҳаракатларини йўналтиради. Агар баҳолаш тизимида асосий эътибор ёд олишга қаратилса, ўқувчилар келажакдаги ўқишларида ва ҳаётларида зарур бўлган компетенцияларни ривожлантиришга интилмасдан, кўр-кўрона ёдлашни мақсад қилишади.

Иккинчидан, кириш тестлари танланган мутахассислик бўйича кимнинг ўқишга тайёрлигини билиш учун ўтказилиши керак. Тестлар — бу энг кўп «чалкаш» саволларга жавоб бера оладиган ғолиб аниқланадиган телевизион ўйин эмас. Олий ёки касб-ҳунар таълими муассасаларидаги чекланган ўринларга номзодларни нотўғри танлаб олиш натижасида маблағ ва вақт беҳуда сарфланади, мамлакатда эса келажакда малакали кадрлар танқислиги юзага келиши мумкин.

Учинчидан, хотирани текширишга қаратилган тестлар баҳолашнинг муҳим сифат талаби — ишончлилик талабига жавоб бермайди. Ишончлилик — бу бир хил аудиторияда тестларни қайта ишлатганда натижаларнинг бир-бирига яқинлиги. Одатда аҳамиятсиз ҳисобланган маълумот инсон хотирасида одатда қисқа вақт сақланади. Демак, тестларни топшириш учун маълумотларни ёд олган, аммо керакли компетенциялар шаклланмаган абитуриент имтиҳондан сўнг ушбу маълумотларни унутиб юборади.

Тестлар натижаларини қайта ишлаш: адолат ва адлатсизлик ораси бир қадам

Қуйидаги ҳолатни тасаввур қилайлик. Оғир атлетика бўйича мусобақа ташкил этилди. Ғолибликка даъвогарлардан бири 100 пуд, иккинчиси 105 фунт, учинчиси 110 килограмм тош кўтариб кучини кўрсатди. Кимни ғолиб деб эълон қиламиз? 110 сони 100 ва 105дан катта бўлгани учун 110 кг кўтарган спортчини ғолиб деб эълон қилсак адолатдан бўладими? Асло йўқ. Аввало биз ушбу қийматларнинг барчасини ягона ўлчов тизимига келтиришимиз керак ва шундан кейингина ким кўпроқ кўтарганлигини таққослаш мумкин бўлади.

ДТМ томонидан ўтказиладиган тестларда ҳар бир абитуриентга компьютер томонидан генерация қилинган тест варианти берилади. Бу вариант бошқа абитуриентнинг вариантига ўхшамайди. Компьютер маълум бир алгоритмга асосан топшириқларни вариантга киритса-да, барча вариантларнинг қийинлик даражаси бир хил бўлишини таъминлаш имконсиз. Билими кучлироқ абитуриентга қийинроқ вариант тушиб қолса, у билими кучсизроқ, бироқ осонроқ вариантни ечган абитуриентга нисбатан камроқ балл тўплаши мумкин. Агар имтиҳон натижаларида ҳатто бир баллнинг ўндан бири ҳам ҳал қилувчи аҳамият касб этишини ҳисобга олсак, биз юқорида тасвирлаган вазият юзага келади: аслида камроқ «юк кўтарган» ғолиб деб эълон қилинади. Бу эса адолатдан эмас.

Турли хил тест вариантларини ечган абитуриентларга нисбатан ДТМ адолатни қандай таъминлайди, деган саволга шундай жавоб олдик: «Тест вариантлари максимал даражада бир хил бўлишига ҳаракат қилинади. Масалан, параллел тестлардан фойдаланиш, ҳар бир вариант олдиндан тасдиқланган тест тафсилотлари бўйича шакллантирилиши уларнинг қийинлик даражаси бир хил бўлишини таъминлашга ёрдам беради».

Қўшилмасликка ижозат бергайсиз. Тест тафсилотларидан (спецификацияларидан) фойдаланиш тест вариантларида тест топшириқларининг фан бўлимлари ва мавзулар кесимида бир хил тақсимланишини таъминлашга ёрдам беради (Тафсилотларнинг ташкилот сайтида эълон қилинмаслиги шаффофлик тамойилининг бузилишидир, деб олин ҳам айтган эдик, аммо ҳозир гап бу ҳақида эмас). Оддий қилиб айтганда, тафсилотларга риоя қилинса, ҳар бир тест вариантида турли мавзулардан тест топшириқлари сони тенг бўлади.

Аммо турли хил вариантларининг қийинлик даражаси бир хил дейиш учун юқорида айтиб ўтилган ўлчов хатоси тенг эканлигига ишонч ҳосил қилиш керак. Масалан, Крокер ва Альгина бу ҳақда ўзларининг тестлар назарияси бўйича машҳур дарслигида ёзган. Аммо тест варианти тажриба-синовдан ўтмаган бўлса ва имтиҳонда уни фақат биргина абитуриент ечган бўлса, ўлчов хатоси бир хил эканлигига қандай амин бўлиш мумкин?

Тестнинг турли хил вариантларини ечган абитуриентларга нисбатан адолат масаласига қайтсак, фанда тестлар билан шуғулланадиган ташкилотлар томонидан қўлланиладиган «ягона шкалага келтириш» усули ихтиро қилинган. Биз фунт ва пудларни таққослашдан олдин уларни килограммга айлантириш учун махсус формулалардан фойдаланганимиз каби, тестологияда ҳам абитуриентларнинг турли хил вариантлар бўйича олинган натижаларини битта ўлчовга келтириш учун махсус формулалардан фойдаланилади. Охирида тўғри жавоблар сони эмас, айнан шундай формулалар ёрдамида олинган натижалар эълон қилинади. Аммо яна такрорлайман, ушбу формулалардан фойдаланиш учун ҳар бир вариантнинг ўлчов хатосини билиш керак, тест вариантини биргина абитуриент ечганда эса бу имконсиздир. Бу тестнинг турли вариантларини ечган абитуриентларга нисбатан адолат таъминланмаслигини англатади.

Адолатсизлик бир муаммога нисбатан турлича ёндашувда, яъни тест топшириқларида абитуриентнинг айбисиз хатоларга йўл қўйилганда ҳам кузатилади. Гап шундаки, агар абитуриент тест синовлари пайтида тест топшириқларига нисбатан ўз эътирозларини билдирган бўлса ва ДТМ экспертлар комиссияси ушбу эътирозларни адолатли деб топган бўлса, унда вариантида бу топшириқни ечган барча абитуриентларга қўшимча балл берилади. Аммо, агар абитуриент апелляция ёки суд жараёнида тест топшириғидаги хатоликни исботласа, у ҳолда фақат ўша абитуриентнинг натижалари қайта кўриб чиқилади. Худди шу муаммоли топшириқга дуч келган, аммо аппеляция бериш ёки ДТМ билан судлашиш имконияти ёки хоҳиши бўлмаган абитуриентларнинг натижалари қайта кўриб чиқилмайди.

Ушбу масалани кўтарганимизда, бизга «ДТМ бошқа абитуриентларнинг натижаларини кўриш ёки ўзгартириш ҳуқуқига эга эмас» ва «агар абитуриент ўз натижаларидан қониқмаса, у белгиланган муддат ичида апелляция шикояти бериши керак» деган жавобни олдик. Бироқ, муаммога бундай ёндашиш муаммони ҳал қилмайди — сифатни назорат қилишнинг барча босқичларидан ўтмаган тест топшириқларидан имтиҳонда фойдаланилганлиги сабабли абитуриент азият чекади.

Керакли назорат механизмларнинг ишламаслиги сабабли техник хатоларга йўл қўйилиши ва оқибатда эълон қилинган натижаларнинг ўзгариши ҳам адолатсизликнинг бир кўриниши сифатида баҳоланиши мумкин. Исталган абитуриентнинг натижалари «техник хато» баҳонаси билан ўзгариши мумкин бўлган вазиятларнинг олдини олиш учун ДТМда қандай механизмлар жорий этилаётганлиги тўғрисидаги таҳририятнинг саволига ДТМ «жараёнларнинг ҳар бир босқичида ишларни иложи борича инсон омилисиз амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда» деб жавоб берди.

Пандемия берган сабоқлар

Коронавирус пандемияси ва касаллик тарқалишини тўхтатиш учун кўплаб мамлакатларда жорий қилинган чекловлар тестлар билан боғлиқ жараёнларга ҳам таъсир қилмай қўймади. Очиқ ҳаводаги имтиҳонларга эътибор қаратиб, New York Times нашри «айрим абитуриентлар сояда, қулай шароитда тест топшираётган бўлса, бошқалари қоғоз ёки кийим билан қуёшнинг тик нурларидан ўзларини ҳимоя қилишга мажбур бўлишди» деб ёзди.

Баъзи абитуриентлар белгиланган вақтда имтиҳонга етиб бориш учун саҳар тонгда туришлари керак эди, бошқалари эса тушдан кейин, инсон организми чарчай бошлайдиган пайтда тест топширишди. Кимларгадир кепкалар берилди, кимларгадир эса йўқ. Қаердадир абитуриентлар имтиҳонга мобил телефонларини олиб кириб, ишлатишга муваффақ бўлишди, қаердадир эса йўқ. Коронавирус ёки иситма сабабли тестларда қатнаша олмаган абитуриентлар учун қўшимча тестлар ташкил этилди, тест синовларига бошқа узрли сабабларга кўра кела олмаган абитуриентлар учун эса йўқ.

«Тест топширувчиларга тест синовларида ва унинг натижаларини қайта ишлашда мутаносиб муносабатда бўлиш керак» дея таъкидланган тест синовлари стандартлари нуқтаи назаридан юқоридаги мисоллар таҳлил қилинса, унда стандартларнинг бузилганлиги яққол кўринади.

Хусусан, чет тиллари ўқитувчиларига устама белгилаш тестларида кузатилган аудио ёзув ва иситиш билан боғлиқ муаммоларни ҳам бу стандартларнинг бузилиши сифатида келтириш мумкин. Марказнинг матбуот хизмати ўқитувчиларнинг эътирозларига жавоб берар экан, ўқитувчилар томонидан тест синовлари қоидаларининг бузилиши борасида рақамларни келтирди: мана, телефонлар ва «шпаргалкалар» олиб кирилган, имтиҳон вақтида ўзаро гаплашилган, материалларни бир-бирига узатишган. Бироқ, имтиҳон топширувчилар томонидан имтиҳон қоидаларининг бузилиши ташкилотчилар томонидан тест стандартларини бузиш учун баҳона бўла олмайди.

ДТМ бу йилги тест жараёнларидан қандай сабоқ олганлиги ҳақидаги таҳририятнинг саволига жавоб берар экан, «асосий эътибор абитуриентларнинг хавфсизлиги (соғлиги)га қаратилганлигини», «хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда, тест синовларни очиқ майдонларда ўтказиш энг яхши вариант сифатида танланганлиги»ни таъкидлади. Шунингдек, «энг асосий ютуқ абитуриентлар ва ходимларда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ муаммолар юзага келмаганлиги» ва «марказ ноодатий шароитда, очиқ майдонларда тест ўтказиш тажрибасига эга бўлганлиги» ДТМ томонидан айтиб ўтилди.

Агар тест синовлари билан шуғулланадиган халқаро ташкилотларнинг тажрибасига назар ташланса, улар бир оз бошқача йўналишда тажриба олишни афзал кўришди — кўпчилик одамларнинг тўпланиши заруратисиз, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тест ўтказиш. Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ёки Тошкентдаги Турин политехника университети сингари Ўзбекистонда фаолият юритаётган баъзи халқаро университетлар ҳам онлайн тарзда имтиҳонлар ташкил этиб, адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида тест топширувчилар ва кузатувчилар томонидан риоя қилиниши керак бўлган қоидаларни ишлаб чиқдилар. Тўғри, балки онлайн имтиҳонларда барча иштирокчиларнинг қоидаларга бирдек риоя қилишини таъминлаш қийинроқ кечиши мумкин, аммо қачондир бошлаш керак. Масалан, пандемия бизни илгари умуман инкор қилиб келганимиз — масофавий таълимни жорий этишга мажбур қилди-ку.

Барча ўйинчилар учун тенг шароитлар ва аниқ қоидалар

Умуман олганда, халқаро тажрибага назар солинса, турли ташкилотлар томонидан ўтказилган тест натижалари ҳукумат қарорлари туфайли тан олинмайди. Масалан, Британия университетлари томонидан IELTS ёки A-level имтиҳон натижаларини тан олиш тўғрисида Британия ҳукумати раҳбари томонидан имзоланган фармонни топишимиз эҳтимолдан йироқ. Бундай имтиҳонларнинг натижалари уларнинг сифати — валидлиги ва ишончлилигининг илмий далиллари туфайли тан олинади.

Агар имтиҳонларимиз сифатнинг илмий талабларига жавоб беришини истасак, фикримизча, билимларни баҳолаш билан боғлиқ хизматлар соҳасида монополияни тугатиш керак. Бу борада дастлабки қадамлар ташланган — халқаро нодавлат ташкилотлар томонидан ўтказиладиган чет тиллари бўйича имтиҳонларнинг натижалари давлат ОТМлари томонидан тан олинмоқда. Шунигдек, нодавлат ташкилотларига таълим сифатини баҳолаш соҳасида хизматлар кўрсатишга рухсат берувчи қарор имзоланган.

Энди кейинги қадамларни ташлаш лозим. Тест соҳасида ишлашни истаган барча ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган шартлар аниқ кўрсатилиши керак. Шундай шартлардан бири баҳолаш воситаларининг сифати бўйича илмий тадқиқотлар ўтказиш ва ушбу тадқиқот натижаларини эълон қилиш бўлиши керак. Ва ушбу шартлар ДТМ сингари давлат ташкилотлари учун ҳам, нодавлат ташкилотлар учун ҳам бир хил бўлиши керак.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.