Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ хабар беришича, 3 январь куни соат 15:35ларда Томди туманида 1991 йилда туғилган ҳайдовчи М.О. «Matiz» русумли автомашинасида «Утамурот-Томди» йўналиши бўйлаб харакатланиб келган. Тезликни меъёридан ошириши натижасида автомашина ўз ҳаракат йўналишига нисбатан йўлнинг ўнг томон чўл ҳудудига чиқиб кетиб, ағдарилиб, ЙТҲ содир этган.

Маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида ҳайдовчи бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши тан жароҳатлари олиб, Томди тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Автомашинада йўловчи сифатида кетаётган 1991 йилда туғилган С.К. эса олган оғир тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этгани маълум қилинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Томди туман ИИБ томонидан фуқаро М.О.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов-суриштурув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.