Наманган вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар беришича, 3 январь куни соат 11:30 ларда Наманган-Андижон йўлининг 2 кмда «Nexia» русумли автомашинани Наманган шаҳар йўналишида бошқариб кетаётган ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, қарама-қарши йўналишга ўтиб кетади ва ўзининг йўналишида ҳаракатланиб келаётган «Cobalt» русумли автомашина билан тўқнашади.

ЙТҲ натижасида, «Cobalt» ҳайдовчиси олган тан жароҳати оқибатида шифохонада вафот этган. Унинг автомашинасида бўлган 3 нафар йўловчи (ҳайдовчининг оила аъзолари) бош мия ёпиқ шикасти, бош мияни оғир даражада лат ейиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

«Nexia» ҳайдовчиси ҳам тос суягининг синиши ташхиси билан тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Ушбу ҳолат бўйича Наманган туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан жиноят иши қўзғатилган, дейилади хабарда.