Жиззах вилояти ИИБ ахборотига кўра, Даштобод шаҳрида яшовчи фуқаро 2 ойлик фарзандини ўлдириб қўйди.

Воқеага эркакнинг шариий никоҳидаги аёли билан жанжаллашиши сабаб бўлади. Даставвал сентябрь ойида хотини эрининг собиқ аёли билан телефон орқали гаплашаётганини билиб қолади ва жанжал келтириб чиқаради. Эркак эса чойнак билан аёлининг бошига уради ва шу билан оилада халоват йўқолади.

9 октябрь куни соат 23:00 ларда бешикдаги чақалоқ йиғлайди. Аёлнинг гўдакни эплай олмаётганидан жаҳли чиққан эр қизини ўзи ухлатмоқчи бўлиб, жанжал келтириб чиқаради. У бешикдаги ёстиқ билан аёлнинг юзига бир неча маротаба уради, шунда гўдакнинг боши бешикнинг қиррасига урилади, унга бошқа жароҳатлар ҳам етказилади.

Эртасига аёл ички ишлар органига мурожаат қилади. Икки ойлик чақалоқ шифохонанинг жонлантириш бўлимида вафот этади.

Суд тиббий экспертизаси боланинг ўлимига бош мия ёпиқ жарохати, энса суягининг битишмаларидан ичкарига ботиб синиши, мия тўқимасининг эзилиши, мия пардалари остига, мия тўқимасига, бош мия бўшлиқларига қон қуйилиши хамда кўкрак қафаси орқа юзаси ва иккала сон соҳасига кўплаб қон талашлар сабаб бўлганини қайд этган.

Суд ушбу жиноят билан боғлиқ холатларни инобатга олиб, айбдорга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.