2021 йилда Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан йўл ҳаракати соҳасида интерактив хизматларни тақдим этиш бўйича Road24 ахборот тизими жорий этилиши режалаштирилган ва ҳозирда тест талқини ишга туширилиш арафасида, дея хабар берди ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.

Мобиль илова йўл ҳаракати қатнашчилари ва ЙПХ ходимлари учун қулайлик яратиш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, унда ахборот киритиш, олиш ва тарқатиш имкониятлари мавжуд.


Дастур орқали йўл-транспорт ҳодисаси ўчоқлари ҳақида тезкор хабардор қилиш, янги ўрнатилган йўл белгилари ҳақида хабардор қилиш, чорраҳаларда тирбандликларни олдини олиш, муаммоли вазиятларни камайтириш мақсадлари амалга оширилади.

Шунингдек, иловада йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималар ҳақида маълумотларни олиш ва уларни тўлаш имконияти мавжуд бўлади. Бунда ҳар бир фойдаланувчилинг ўз шахсий кабинети бўлади. Фойдаланувчиларда транспорт воситасини жарима майдончасидан олиб чиқиш учун масофадан туриб, онлайн тарзда рухсатнома олиш имконияти ҳам мавжуд бўлади.


Илова орқали маълум муддатга ёпилган йўллар ҳақида, йўллар бўйича статистик маълумотлар бериб борилади.

Бундан тушқари, ҳайдовчи ёки пиёда томонидан аниқланган йўлда ҳаракатланиш билан боғлиқ муаммолар ушбу дастурга белгиланиб, бошқа ҳайдовчилар огоҳлантирилади.


«Кўзланган мақсадлардан яна бири — дастурда белгиланган камчилик ва муаммолар масъуллар томонидан тезкорлик билан бартараф этилишидир», дейилади ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабарида.