Саудия Арабистони Қатар билан муносабатларни яхшилаш бўйича келишув имзолайди. Унга кўра, мамлакатлар ўртасидаги 2017 йилда ёпилган чегаралар, шу жумладан, ҳаво ва денгиз чегаралари очилади, дея хабар берди ТАСС Reuters ва АҚШ ҳукуматидаги манбаларга асосланиб.

Маълумот учун, 2017 йил ёзида Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср давлатлари Қатарни терроризмни қўллаб-қувватлашда ва уларнинг ички сиёсатига аралашишда айблаб, бу мамлакат билан дипломатик алоқаларни узишган эди. Шу билан бирга иқтисодий санкциялар ва транспортлар блокадаси эълон қилинган эди. Ўшанда ушбу давлатлар Қатар авиацияси учун ҳаво йўлларини ёпган.

Шартнома Саудия Арабистонида Форс кўрфази бўйидаги араб давлатлари кенгаши 41-саммити доирасида имзоланиши кутилмоқда. Келишувлар доирасида Саудия Арабистони Қатар билан қуруқлик, ҳаво ва денгиз чегараларини очади. Бу ҳақда Қувайт ташқи ишлар вазири Аҳмед Носир ас-Сабоҳ маълум қилди. Ўз навбатида, Қатар блокада билан боғлиқ барча даъволардан воз кечади.

Хабар берилишича, ҳозирча БАА, Баҳрайн ва Миср бу бўйича бир қарорга келишмаган. Бироқ АҚШ ҳукумати улар ҳам Қатар билан келишувга эришишига ва блокадаларни олиб ташлашларига умид қилмоқда.

Reuters маълум қилишича, АҚШ президентининг катта маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнер Қатар ва тўртта араб давлатлари ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишувларга эришиш бўйича музокараларда иштирок этди. У ва АҚШнинг бошқа бир қатор расмийлари келишув имзолаш маросимида иштирок этиши кутилмоқда.