Буюк Британия ҳукумати эпидемиологик вазият ёмонлашгани сабабли Англияда миллий карантин жорий этиш ва мактабларни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Бош вазир Борис Жонсон телевидение орқали халққа мурожаатида айтди.

«Вируснинг янги тури қўрқинчли даражада тез тарқалмоқда. Коронавирус пандемияси бошланганидан бери касалхоналар ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ босим остида» — деди Жонсон.

Сешанба кунидан бошлаб Англиядаги барча мактаблар масофадан ишлашга ўтмоқда, фақат «асосий» касб вакиллари — шифокорлар, ижтимоий хизматчилар, ўт ўчирувчилар, полициячилар, етказиб берувчилар, сотувчиларнинг фарзандлари таълим муассасаларига қатнай олишади.

Аҳолига кўчага фақат сайр қилиш, шифокорга, дўконга боришга рухсат берилади. Оғир сурункали касалликларга чалинганларга уйдан умуман чиқмаслик тавсия этилмоқда.

Жонсон ушбу карантин чоралари касалланиш даражасининг ўсишига боғлиқ эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга, у кейинги ойда аҳолининг тўрт устувор гуруҳи орасида коронавирусга қарши вакцинация жараёнларини бошлашни ваъда қилди.

Февраль ойида қариялар уйларидаги фуқаролар, шифокорлар, бошқа кексалар ва оғир сурункали касалликларга чалинган кишилар эмланиши режалаштирилмоқда.

4 январда Британияда коронавирус билан касалланганлар сони пандемия бошланганидан бери 58 784 та рекорд кўрсаткични қайд этди.

Сўнгги бир ҳафта ичида кунига 50 мингдан ортиқ юқтириш ҳолатлари кузатилмоқда.

Янги чекловлар камида февраль ойининг ўрталаригача амал қилиши белгиланди.