Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида пиёдани уриб юборган Nexia-2 автомобили ҳайдовчиси бир кишининг ўлимига сабаб бўлди.

ИИВ ЙҲХББнинг хабар беришича, ҳодиса 1 январь куни соат 21.00лар атрофида Шўрчи тумани «Саксонкапа» МФЙ ҳудудидан ўтувчи «4К-592» автомобиль йўлининг 11 километрида содир бўлган. «Шўрчи-Олтинсой» йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Нексия-2 ҳайдовчиси пиёда фуқарони (1985 йилда туғилган) уриб юборади ва воқеа жойидан яширинади.

Натижада 36 ёшли фуқаро турли даражада тан жароҳатлари олиб касалхонада вафот этган.

Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида ушбу жиноятни туманнинг «Оққўрғон» маҳалласида яшовчи, ишсиз, 1995 йилда туғилган И.Р содир этганлиги ва ҳодиса содир бўлган жойдан олинган ашёвий далиллар унинг бошқарувида бўлган Нексия-2 русумли автомашинага тегишли эканлиги аниқланди.



2 январь куни И.Р. га нисбатан ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми ва 177-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.