Ҳукуматнинг 2020 йил 31 декабрдаги «Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжат билан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш, давлат уй-жой фондидаги турар жойларни тақсимлаш ва тақдим этиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш (12 банд «г» кичик банди) киритилиб, «16 ёшгача етти нафар ва ундан зиёд болалари бўлган» сўзлари олиб ташланмоқда. Бу билан 16 ёшгача бўлиш талаби бекор қилинмоқда.

Қишлоқ жойлардаги кам таъминланган ва кўп болали оилаларга қорамолни бепул бериш шартлари тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартиришга кўра, кўп болали оилаларга бепул қорамол берилишида вояга етмаган беш нафар ва ундан ортиқ болалари бўлиши лозимлиги талаби бекор қилинди.

Мазкур қарор кўп болали оилалар тушунчасига қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда бир хилда талқин қилинишини назарда тутган ҳолда қабул қилинди.

Маълумот ўрнида, Оила кодексининг 4−1-моддасига мувофиқ, тўрт нафар ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган боласи бўлган оила кўп болали оила ҳисобланади. Бунда, агар тўрт нафар ва ундан ортиқ болаларидан бир нафари ёки ундан кўпроғи таълимнинг кундузги шаклида ўқиётган ҳамда йигирма икки ёшга тўлмаган бўлса, бу оила ҳам кўп болали оила деб ҳисобланади.