Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чимён тоғларида Янги йил байрамлари муносабати билан дам олишга кетаётганларнинг катта оқими кузатилмоқда. Тоғларга кўтарилишда кўплаб автомобиллар тўпланиб, катта тирбандликни юзага келтирган, дея хабар бермоқда «Газета.uz» ўқувчилари.

ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати маълум қилишича, 2 январь куни соат 10:00га қадар Бўстонлиқдаги тоғли ҳудудларда жойлашган дам олиш масканлари автотураргоҳлари автомобиллар билан тўлган.


Фото: ЙҲХББ

Ушбу автомобиль йўлининг ўтказувчанлик қобилиятини, тоғли ҳудудларда автомобиллар ҳаракатланиши мураккаблигини ҳисобга олиб, хавфли ҳолатлар олдини олиш мақсадида «4Р-12» автомобиль йўлининг 61-километрида вақти-вақти билан транспорт воситаларининг ҳаракати чекланмоқда.

ЙҲХББ фуқаролардан ушбу амалга оширилаётган ишлар тоғли йўлларда хавфсизликни таъминлаш ва ЙТҲларининг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётганлигини тушунишларини сўраган.