Ўзбекистон президентнинг расмий веб-сайти president.uz янги дизайнда ишга туширилди. Янги сайт 1 январдан тест режимида ишлай бошлади. Унинг бундан олдинги версияси 2017 йилда ишга туширилган эди. Бу ҳақда давлат раҳабрининг матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Янги сайтда «Президент Администрацияси» бўлими очилган. Унда президент маслаҳатчилари, Президент Администрациясининг асосий вазифалари, Президент Администрациясининг Ижро этувчи аппарати раҳбарияти, президент ва Администрация ҳузуридаги ташкилотлари тўғрисида умумий маълумотлар билан танишиш мумкин.


Бош саҳифада президент Шавкат Мирзиёевнинг ижтимоий тармоқлардаги расмий аккаунтларига ҳаволалар яққол кўринадиган тарзда жойлаштирилган. Шунингдек, ҳар бир янгиликни ижтимоий тармоқларда улашиш имконияти яратилган.

Сайтнинг интерфаоллигини ошириш мақсадида янги функциялар жорий этилган. Масалан, давлат раҳбарининг «Facebook» ва «Twitter» ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига виджетлар ўрнатилган. Яъни, ушбу саҳифаларни «Facebook» ва «Twitter»га ўтмасдан туриб, сайтнинг ўзида кўриш мумкин.

Сайтнинг бош саҳифасида дунё ва Ўзбекистон харитаси жойлаштирилган. Бу функция ёрдамида президентнинг хорижга ва мамлакатимиз ҳудудларига ташрифлари ҳақидаги ахборотларни харита орқали топиш мумкин.


«Медиатека» бўлими фотосуратлар билан бойитилиб, фойдаланувчиларга қулай бўлиши учун «Мажлис ва маросимлар», «Хорижга ташрифлар», «Қабуллар», «Ҳудудларга ташрифлар», «Портретлар» каби тоифаларга ажратилган.

Сайтга Видеогалерея бўлими ҳам қўшилган. Унда президент фаолиятига оид фильм ва видеолавҳалар веб-сайтнинг ўзида тўртта категория бўйича «TAS-IX» тармоғида жойлаштириб борилади.

Ҳужжатлар бўлимида янги «Инфографика» саҳифаси ҳам ташкил этилган.

«Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонаси» порталига ўтиш, Халқ қабулхоналарининг алоқа маълумотларини излаш каби қулайликлар бор.