«Ҳаммамиз гувоҳмиз, 2020 йил бутун дунё қатори юртимиз учун ҳам оғир ва мураккаб келди. Коронавирус пандемияси, глобал инқироз инсониятни жиддий синовдан ўтказмоқда», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

«Мана шундай мураккаб вазиятга қарамасдан, мард ва олижаноб халқимизнинг матонати, фидокорона меҳнати билан барча соҳаларда катта ўзгаришларни амалга оширдик», — деди у.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб ном берилган 2021 йилда «иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда бошлаган кенг кўламли ислоҳотларимизни изчил давом эттирамиз», дея таъкидлади президент.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатда тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва элатлар ўртасидаги тотувлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш асосий вазифа бўлиб қолади.

«Халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида аҳамият берамиз. Азиз ёшларимиз, меҳнаткаш ва оқила опа-сингилларимиз, муҳтарам кексаларимизнинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш эътиборимиз марказида бўлади. Соғлиқни сақлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масалалари янги босқичга кўтарилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Янги Ўзбекистонни барпо этиш, миллий юксалиш пойдеворини яратишга қаратилган улкан ишларимизни қатъий давом эттирамиз», — дея таъкидлади давлат раҳбари.