Коронавирус пандемиясининг иқтисодга салбий таъсирини юмшатиш мақсадида 2020 йилнинг март ойида Молия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси 2021 йил 1 январдан тугатилади. Бу ҳақда президентнинг 2021 йил учун давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги қарорида айтилган.

Жамғарма ҳисобидан ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилмаган қисми ҳамда жамғарманинг жорий йил охирига қолдиқ маблағлари давлат бюджетига ўтказилади.

2021 йилда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш тадбирлари давлат бюджетида коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш харажатлари доирасида молиялаштирилади.

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидаги маблағлар миқдори бошида 10 трлн сўмг эди. Ушбу маблағлар коронавирусга қарши курашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга ва ижтимоий соҳага йўналтирилган эди.

Президент 29 декабрь куни парламентга мурожаатномасида Инқирозга қарши курашиш жамғармасига 16 трл сўм йўналтирилганлигини маълум қилганди. Молия вазирлиги пандемияга қарши чора-тадбирлар кутилганидан кўпроқ давом этганлиги учун жамғарма маблағлари оширилганлигини таъкидлаган эди.