Россиянинг Тергов қўмитаси мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалнийга нисбатан катта миқдорда фирибгарлик учун жиноий иш қўзғатилганлигини эълон қилди.

Тергов натижаларига кўра, Навалний раҳбарлик қилувчи Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси ва бошқа бир қатор нотижорат ташкилотлар учун хайрия сифатида 588 миллион рубль тўпланган, маблағларни жамғармалар мақсади учун сарфлаш мўлжалланган.

Тергов қўмитаси Алексей Навалнийни ушбу маблағларнинг 356 миллион рублдан кўпини бошқа шахслар билан ўз шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаганликда айбламоқда.

Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, Алексей Навалний ушбу маблағни шахсий мол-мулк ортириш, моддий қимматликларни сотиб олиш ва бошқа харажатларни тўлаш, шу жумладан чет элда таътил харажатларига сарфлаган. «Шундай қилиб, фуқаролардан йиғилган маблағлар ўғирланган», — дейилади қўмита хабарида.

Алексей Навалний ўзига нисбатан очилган янги ишни унинг заҳарланиши билан боғлиқ эканлигини таъкидлади.

«Мен дарҳол видео мурожаатимда айтгандим: мен ўша самолётда ўлмаганим, кейин ўз қотилларимни қидирганим учун улар мени қамоққа олишга ҳаракат қилишади», — деди оппозиция вакили.

Шунингдек, сиёсатчи унга нисбатан қотилликка уриниш бўйича иш қўзғатилмаганлигини таъкидлади.