29 декабрь куни автомототранспорт воситаларини ёллаш ва ижарага беришга оид ҳукумат қарори қабул қилинди.

Унга кўра, автотранспорт воситаларини ижарага ва прокатга бериш бўйича хизматларни кўрсатиш фаолияти яъни каршеринг (carsharing) ташкилотларига бир қанча имкониятлар яратилади.

Жумладан, 2021 йил 10 январдан каршеринг ташкилотлари нотариал расмийлаштирмасдан ва ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказмасдан йўловчилар автотранспорти ва мототранспорт воситаларини 30 кунгача муддатга қисқа муддатли ижарага бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Бунда ушбу каршеринг ташкилотларининг автомототранспорт воситалари махсус таниқлик белгига эга бўлиши шарт.

Ммазкур қарорга мувофиқ автомототранспортларни қисқа муддатли ижарага бериш бўйича фаолият Иқтисодий фаолият турларининг умумдавлат таснифлагичига киритилади.

Шунингдек, автомототранспорт воситаларини каршеринг ташкилотларидан ижарага олган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида мазкур ташкилотларга ИИВ ЙҲХББнинг «Маъмурий амалиёт» автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш имконияти берилади.

Бундан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб ўрнатилган мототранспорт ва велосипедда ҳаракатланишни тақиқловчи йўл белгилари танқидий таҳлил қилиниб, тегишли ҳаракат йўналишларида уларни олиб ташлаш чоралари кўрилади.

Транспорт вазирлиги мамлакатда велосипед транспорти, велоинфратузилма, велошеринг (байкшеринг) фаолиятини (ижарага бериш) ривожлантиришни режалаштириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланиши кўзда тутилган.