Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни парламентга мурожаатида 2021 йилда бир қатор лойиҳалар бошланиши ҳақида эълон қилди.

Хусусан, кейинги йилда икки тезюрар поездни ишга тушириш режалаштирилган. Бундан ташқари, Бухоро-Урганч-Хива темир йўлини электрлаштириш бошланади.

Хусусий секторни жалб қилиш орқали аҳоли пунктлари, айниқса қишлоқлар ва вилоят марказлари ўртасида автобус йўналишлари кўпайтирилади.

Тошкентда ер усти метроси қурилишининг иккинчи босқичи якунланади ва узунлиги 12 км бўлган метро линияси фойдаланишга топширилади. Натижада ер ости ва ер усти метро линиялари уланади ва ягона тизимни ташкил этади.

Президентнинг сўзларига кўра, 2021 йилда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар давом эттирилади. Зиёрат ва ички туризмга алоҳида эътибор берилади.

Ҳудудларни ободонлаштириш учун буджет маблағларидан сайёҳлик объектлари атрофида сув ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун 1 триллион сўм миқдорида маблағ ажратилади.

Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг барча аҳоли пунктларидан пойтахтга, йирик шаҳарларга ва сайёҳлик марказларига тезкор етиб боришга имкон берадиган ўзаро боғлиқ транспорт тармоғини яратиш муҳимлигини таъкидлади. Шунга асосланиб, ҳукумат олдига келаси йилнинг 1 мартидан сайёҳлик йўналишлари бўйича ички рейсларни йўлга қўйиш ва авиачипталар учун буджетдан қисман компенцация тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, бир қатор ҳудудий аэропортлар давлат ва хусусий шериклик асосида аутсорсингга топширилади.