Президент Шавкат Мирзиёев парлементга мурожаатномасида жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасидаги ишларга алоҳида тўхталиб, келгусида жазони ижро этиш тизимида манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартириб борилишини маълум қилди.

«Халқаро стандартлардан келиб чиқиб, 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилади. Бундан буён биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилса, у манзил-колонияга ўтказилмасдан, тўғридан-тўғри пробация назоратига олинади», — деди давлат рахбари.

Эътиборлиси шундаки, эндиликда мазкур янгиллик натижасида ҳозирда жазо ўтаётган 6 минг нафар шахсга ўз маҳалласи назорати остида оиласи бағрида бўлиш имконияти яратилади.

«Шу билан бирга, жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш органидан, янги ташкил этиладиган Инсонпарварлик комиссиясига ўтказилади», — деб қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.