26 декабрь куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар «Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида"ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Ҳозирга қадар хизмат ўз фаолиятини қонуности ҳужжатлари асосида юритиб келмоқда. Қонун эса хизмат фаолиятида ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди. Унда қўриқланиши белгиланган шахсларнинг тоифаси, хизматнинг мақоми, асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, давлат органлари билан ҳамкорлик масалалари акс этган. Шунингдек, лойиҳада хизмат фаолиятини назорат қилиш тартиби ҳам назарда тутилган.

Таъкидланишича, лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига ҳам қўйилган, қолаверса, АҚШ, Россия, Корея давлатларининг соҳадаги қонунчилик асослари ўрганилган. Қонун лойиҳаси 2008 йил 10 октябрда имзоланган МДҲ иштирокчи давлатларининг давлат қўриқловига олинган шахсларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик келишуви асосида ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон қонун ҳужжатларини МДҲ давлатлари билан имзоланган халқаро шартномаларга мувофиқлаштириш имконини ҳам беради.