Қўқонда 10 дан ортиқ хотин-қизлар уйларида газ ва электр энергия йўқлиги сабаб шаҳар ҳокимияти олдидаги йўлни тўсишди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео тасвирда мутасаддиларга мурожаат қилинса-да, улар эшитмаётгани таъкидланган.

«Ҳокимият атрофида яшовчи аёллар ҳокимият биноси олдидаги йўлни тўсаяпти. Чунки уйларида газ, свет йўқ. Мутасадди ходимларни бир неча маротаба чақирдик, лекин улар бизни эшитишни истамади. Газ, свет йўқлигидан тўйиб кетдик, ҳақиқатдан ҳам», — дейди видео тасвирга олган аёл.

Аёллар йўлни бўшатишни сўраган ҳайдовчиларга қарата, «уриб кетишингиз мумкин бемалол, тўйиб кетганмиз, барибир уй совуқ», дейди. Тасвир сўнггида ЙПХ хизмати автомашинаси яқинлашаётгани акс этган.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Бухоро вилояти аҳолиси газ таъминоти билан боғлиқ муаммолар туфайли йўлни тўсиб қўйган эди. Қоракўл туманида эса газ ва электр таъминотидаги узилишлардан норози бўлган халқ намойиш ташкил этган. Сурхондарёда электр таъминотидаги узилишдан норози аҳоли кўчада балон ёққан эди.