Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов маълум қилди.

«Электр энергияси бўйича энг катта қарздорлик ҳозирги кунда Самарқанд вилоятида 655 млрд сўм. Бу жами кўрсаткич, яъни юридик ва жисмоний шахсларнинг умумий қарздорлиги. Республикада жами 3 трлн 500 млрд сўм қарздорлик мавжуд. 1 декабрь ҳолатига кўра, аҳолининг электр энергиясидан қарздорлиги 2 трлн 340 млрд сўмни ташкил қилмоқда. 1 октябрь ҳолатига кўра, бу қарздорлик 2 трлн 380 млрд сўм бўлган», — деди Жаҳонгир Обиджонов.

Жаҳонгир Обиджонов. Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Маълум бўлишича, қолган 1 трлн 160 млрд сўм қарздорлик юридик шахслар ҳисобига тўғри келмоқда. Шунингдек, жамият вакили биллинг тизими ўрнатилгани натижасида қарздорлик ҳолати 2 ой ичида 40 млрд сўмга камайишига эришилганини ҳам қайд этди.

Бундан ташқари, тадбирда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий қилишдан асосий мақсад нима эканлигига ҳам тўхтаб ўтилган.

«Биринчи мақсад қарздорликни қисқартириш. Иккинчидан, бу истеъмолчи билан таъминотчи ўртасидаги ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлайди. Шунингдек, мазкур тизим истеъмолчиларни тўлов интизомига ўргатади. Бу тизим жорий қилингандан кейин биз қайси тармоқда, қайси нуқтада, қайси участкада катта юклама мавжуд, қаерда электр энергияси энг кўп йўқотиляпти аниқлаш имкони пайдо бўлди. Ўз номи билан айтайлик: ўғрилик қаерда бўляпти шуни кўришимиз ва олдини олишимиз мумкин», — дея таъкидлади Жаҳонгир Обиджонов.