Андижон вилояти прокуратураси томонидан вилоят ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» давлат харидлари ўрганилмоқда. Бу ҳақда вилоят пркоуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Аввалроқ «Газета.uz» Андижон вилоятида Milano Biznes Servis компанияси қарийб 20 млрд сўмлик давлат харидларини ютиб олгани ҳақида хабар берган эди. Унинг таъсисчиси Муҳиддин Қодиров эса бир вақтнинг ўзида «Ягона буюртмачи хизмати» раҳбари ҳам ҳисобланади.

Бундан ташқари, вилоят қурилиш бошқармаси бошлиғи Рустамбек Хожибоев миллиардлаб сўмлик давлат буюртмаларини бажараётган Ixtisoslashgan Shahrixon Qurilish компаниясининг таъсисчиси ҳам ҳисобланади.

Худди шундай лойиҳалар «Ягона буюртмачи хизмати» раҳбарининг қариндошларига тегишли Andijon Ihlos Qurilish компанияси томонидан ҳам амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда кўчаларни кўкаламзорлаштириш бўйича танловда вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг қизи билан боғлиқ компания ғолиб бўлгани ҳақида хабар берган эдик.