21 декабрь куни Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан судланувчилар М. Холматов («Ўзбекистон темир йўллари» АЖ «Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси» бошлиғи лавозимида ишлаган) ва бошқалар (жами 17 киши) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни бошланди.

Олий суд ахборот хизмати хабар беришича, ушбу жиноят иши бевосита давлат сирлари билан боғлиқ бўлганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси 1-қисми талабларига мувофиқ ёпиқ тарзда кўрилаяпти.

Судланувчилар Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 203-моддаси (сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш), 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 258-моддаси (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни рўй берган Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши сабабли Бош прокуратура Сардоба сув омбори билан боғлиқ жиноят иши бўйича икки кишининг гумонланувчи тариқасида ишга жалб этилганини маълум қилган эди. Кейинчалик, комиссия текширувидан сўнг «Сардоба» сув омбори тўғонининг ўпирилиш сабаблари аниқланиб, лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш жараёнларида қатнашган 9 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилиб, қамоққа олинганди.

Октябрь ойида эса Коррупцияга қарши курашиш агентлиги «Сардоба иши» бўйича 17 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида маълум қилди.

Ҳозирда суд жараёни давом этмоқда. Ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича алоҳида баёнот берилади.