Тошкентда Россия «Паспорт-виза хизмати» ва «Кўп тармоқли миграция маркази» филиаллари очилади. Бу борадаги келишувлар меҳнат миграцияси масалаларида музокаралар олиб бориш мақсадида бош вазир маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Россияга ташрифи чоғида имзоланган.

Ҳужжатларни Ўзбекистон томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.Муҳитдинов ва Россия томонидан «Паспорт-виза хизмати» раҳбари ўринбосари П.Карповец ва «Кўп тармоқли миграция маркази» бош директори С.Балдин имзолади.

Филиаллар очилиши натижасида ўзбекистонликлар Россияда ишлашга рухсат олиш билан боғлиқ хизматларнинг бир қисмидан Тошкентнинг ўзида фойдалана олади. Бу орқали ҳужжатларни тайёрлашда уларнинг вақти ва харажатлари қисқаради.

Маълумот ўрнида, «Кўп тармоқли миграция маркази» Россия бўйлаб меҳнат фаолияти учун рухсат берувчи комплекс хизматларни кўрсатадиган ваколатли ташкилот ҳисобланади.