Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича 21 декабрда ўтказилган комиссия мажлисида 2020 йилнинг декабрь ойига қадар реабилитация марказлари томонидан 5 876 нафар аёлга ёрдам кўрсатилган. Бу ҳақда комиссия раиси Танзила Норбоева маълум қилди, дея хабар берди Daryo.

Танзила Норбоеванинг айтишича, январь-ноябрь ойида ҳимоя ордери олган аёлларнинг деярли 10 минг нафари оилавий тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган.

«Ўтган 11 ой давомида ички ишлар органлари томонидан турли тазйиқ ва зўравонликка учраган 11 138 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Уларнинг 9 916 нафари ёки 89 фоизи оилада тазйиқ ва зўравонликка дуч келган. Бу каби ҳолатлар гендер масаласига оид халқаро рейтингларимизга ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Ушбу кўрсаткичларнинг барчаси халқаро миқёсда таҳлил қилинади. Лекин ҳар доим таъкидлаганимдек, биз рейтинг учун эмас, асосан, аёлларимиз манфаати, тинч-хотиржамлиги ва оилаларимиз мустаҳкам бўлиши учун курашамиз», — деди у.