БМТ Тараққиёт Дастури Ўзбекистонда STEM соҳасида хотин-қизлар иштирокини ўрганиш ўтказилган тадқиқотлар натижаларини «Газета.uz» билан бўлишди.

Тадқиқотда мамлакатнинг иқтисодий тараққиёти ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун муҳим бўлган ва тез ривожланаётган STEM («фан, технология, муҳандислик ва математика академик соҳаларини ифода этадиган ибора) соҳаларида хотин-қизларнинг тўлақонли иштирокини таъминлаш муҳимлиги айтилган.

Дунёда STEM билан боғлиқ соҳалардаги барча талабаларнинг атиги 35 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Тадқиқотчиларнинг 30% дан камроғи аёллардир ва бундай ҳолат дунёнинг барча минтақаларида кузатилади. Глобал миқёсда аёлларнинг маоши эркакларга нисбатан 23 фоиз камроқ. Ушбу фарқни енгиш учун 68 йил талаб этилади, дейилади тадқиқотда. Аёлларнинг меҳнатдаги иштироки эса 63 фоизни, эркакларники 94 фоизни ташкил этади.

ЮНЕСКОнинг STEM ва гендер бўйича бўйича ҳисоботига (SAGA) кўра, бунга асосий сабаблар қуйидагилар бўлиши мумкин:

  • Касб танлашдаги фарқлар;
  • Ҳаётий қадриятлардаги фарқ;
  • Ишонч ва ўз-ўзини англаш;
  • Гендер стереотиплари;
  • Гендер тарафкашлиги.

Турли дастурлар ва тадқиқотчилар бўйича олий маълумотли аёл ва эркак битирувчиларнинг улушига эътибор берадиган бўлсак, бакалавр ва магистр даражаларига эга аёллар сони эркаклардан кўпроқ бўлиши мумкин, лекин фан номзодлари ва тадқиқотчилар орасида эркаклар сони аёллар сонидан анча кўпроқ эканлигини кўришимиз мумкин.


Ўзбекистонда STEM соҳасидаги таълим йўналишлари ва касбларда жуда кам сонли хотин-қизлар мавжуд.

2017 йилги кўрсаткичларга кўра, мамлакатда касб-ҳунар билим юртларида ва университетларда ахборот технологиялари, архитектура ва қурилиш соҳасида ўқиётган талабаларнинг мос равишда 43% ва 17% қисмини хотин-қизлар ташкил этади.

STEM дастурлари бўйича университет битирувчиларининг 21 фоизигина хотин-қизлар. Иш ҳақи кам бўлган ижтимоий соҳаларда аёллар кенг тарзда фаолият юритаётган бўлсалар, эркаклар кўпроқ маошли техник соҳаларда ишлайдилар.

Аёлларга нисбатан камситишнинг барча турларига барҳам бериш қўмитаси (CEDAW) томонидан Ўзбекистонда қайд этилган STEM фарқланишларидаги муаммолар бўйича тақдим қилинган бешинчи даврий ҳисоботга кўра, мамлакатда:

  • Эркаклар ва аёллар ўртасида иш ҳақи ҳажми бўйича фарқланиш мавжуд;
  • Меҳнат бозорида аёллар ва эркаклар ўртасида сегрегация қайд этилмоқда ва одатда, аёллар расмий ва норасмий иқтисодиётда кам ҳақ тўланадиган ишларга эътиборни қаратишади.


Ўрта ва юқори даромадли мамлакатлар билан таққослаганда Ўзбекистонда илмий-техник ишланмалар соҳасидаги тадқиқотчилар (ҳар миллионта одамга) сони нисбатан паст.

Ҳар миллион одамга илмий-техник ишланмалар соҳасидаги тадқиқотлар бўйича Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиё минтақаси (бир миллион одамга 3373 та тадқиқотчи), Россия Федерацияси (бир миллион одамга 2784 та тадқиқотчи) ва Қозоғистондан (бир миллион одамга 667 та тадқиқотчи) орқада.

Умумий тадқиқотчилар ичида хотин-қизлар ҳиссаси (ходимлар сонига нисбатан фоизда) бўйича Ўзбекистон кўрсаткичлари (41%) Россия ва Тожикистондан олдинда бўлса-да, Қозоғистон (53%) ва Қирғизистонга (47%) қараганда пастроқ.

Ўзбекистон компанияларида юқори лавозимда ишловчи хотин-қизлар ҳиссаси ўртача ва юқори даромадли мамлакатлардаги кўрсаткичга нисбатан паст.

Раҳбар лавозимида хотин-қизлар бўлган фирмалар бўйича Ўзбекистон (12%) кўрсаткичлари Қирғизистон (33%), Қозоғистон (26%), Россия Федерацияси (24%), Европа ва Марказий Осиё минтақасига (18%) нисбатан анча паст.

Ўзбекистон Гендер комиссияси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва БМТ Тараққиёт Дастурининг «Давлат бошқарувида ва ижтимоий-сиёсий ҳаётда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилган тадқиқотлар натижасида қатор тавсиялар берилган.

Жамиятда STEM соҳасида аёлларга бўлган муносабат, уларни қабул қилиш, уларга нисбатан хатти-ҳаракатлар, ижтимоий меъёрлар ва стереотипларни бартараф этиш керак:

  • STEM соҳасида фаолият юритишда, айниқса ҳукуматлар, бизнес корхоналари, университет ва илмий-тадқиқот муассасаларидаги раҳбарлик лавозимларида STEM кўникмалари бор аёлларнинг хабардорлигини ошириш;
  • Илмий доираларда ҳамда STEMнинг расмий ва норасмий таълим фаолиятида, шу жумладан тадқиқот марказларида гендер жиҳатларни ҳисобга олиш.

STEM соҳасидаги бошланғич ва ўрта таълимига, шунингдек, техник ва касб-ҳунар таълимига қизларни ва ёш аёлларни жалб қилиш лозим:

  • STEM соҳасидаги билимларни ўқитишнинг педагогик ёндашувларида гендер мавзусини ҳисобга олиш ва уни жорий қилишга кўмаклашиш, шу жумладан қизларнинг аниқ фанлар, физика, математика, ахборот технологиялари бўйича фанларда иштирокини рағбатлантириш;
  • STEM соҳасидаги ўқитувчилар орасида гендер тенгликка кўмаклашиш, яъни бу соҳада дарс берувчи аёллар сонини ошириш;
  • STEM соҳасида таълимдан ишлашга ўтиш даврида гендер тенглигини рағбатлантириш, яъни илм-фан, муҳандислик, математика билан шуғулланувчи ёш қизларни ишга жойлашда раҳбатлантирувчи механизмларни жорий қилиш.

STEMнинг барча даражаларида олий маълумот олишга аёлларни жалб қилиш, уларга имконият яратиш ва ёрдам бериш бўйча амалий чораларни кўриш керак:

  • STEM соҳасида аёлларнинг олий маълумот олишига махсус стипендиялар ва мукофотлар бериш орқали кўмаклашиш;
  • STEM соҳасида алоҳида ютуқларга эришган хотин-қизлар учун давлат мукофотини жорий этиш;
  • STEM соҳасида олий маълумотли аёлларнинг фаолият юритишларига кўмаклашиш, шу жумладан гендер омилларини ҳисобга олган ҳолда, улар учун алоҳида мураббийлик, семинарлар ва тармоқлар ташкил қилиш;
  • Талабалар, хусусан, STEM соҳасида таълим олаётган хотин-қизлар фарзандларининг (кундузги) парваришини ташкил этишга кўмаклашиш.

Олимлар ва муҳандислар учун иш фаолиятида муваффақиятларга эришишда гендер тенгликни таъминлашга эътибор қаратиш лозим:

  • Тенг меҳнат шароитларини яратиш (иш ҳақи, иш фаолиятини баҳолаш мезонлари ва бошқалар);
  • Иш жойидаги имкониятлардан фойдаланишда гендер тенглигини таъминлаш (ўқув курслари, тадқиқот гуруҳлари, патент учун аризалар, рағбатлантириш, мукофотлар);
  • Иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатни таъминлашда аёлларга кўмаклашиш;
  • Фан докторлари (номзодлари) ва тадқиқотчиларнинг хорижий илмий сафарлари, хусусан, уларда аёлларнинг бўлишида гендер тенглигини таъминлаш;
  • Илм-фан ва технология соҳасида раҳбарлик лавозимларидаги гендер мувозанатини таъминлаш.

Тадқиқотларнинг мазмуни, амалиёти ва кун тартибида гендер жиҳатларини тарғиб қилиш муҳим:

  • STEMда гендер жиҳатлар ва мамлакатнинг тадқиқот дастури ҳамда тадқиқот портфелининг гендер жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда гендерга оид муайян илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари (ИТТКИ) дастурларини ишлаб чиқиш;
  • ИТТКИ лойиҳаларини баҳолашда гендер жиҳатларни ҳисобга олиш;
  • Тадқиқот гипотезаларида ва тадқиқот субъектлари жинсини кўриб чиқишда гендерга таъсирчан таҳлилга кўмаклашиш;
  • Гендерга таъсирчан таҳлил ва илмий маълумотларни тарқатишга кўмаклашиш, бунга илмий марказлар ва музейлар, илмий журналистика, махсус конференциялар, семинарлар ва нашрларни жалб қилиш.

STEM билан боғлиқ сиёсатни ишлаб чиқишда (қарор қабул қилувчи шахслар, маслаҳат қўмиталари, эксперт гуруҳлари ва бошқалар), уни мониторинг қилиш ва баҳолашда гендер тенглигини ҳисобга олиш ва уни устувор йўналиш сифатида белгиланишини таъминлаш лозим.

Илмий-техникага оид тадбиркорлик ва инновациялар соҳасида гендер тенглигини таъминлаш керак:

  • бошланғич капитал, ҳомий-инвесторлар, венчур сармоялари ва шу каби бошланғич молиявий маблағлардан фойдаланишда гендер тенгликни қўллаб-қувватлаш;
  • аёлларга қарашли фирмалар учун давлат томонидан молиялаштирилган инновациялардан тенг фойдаланиш имкониятини таъминлаш;
  • тадбиркорлик, инновацияларни бошқариш ва интеллектуал мулк ҳуқуқлари соҳаларида гендер омилларини ҳисобга олган ҳолда ўқув курсларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда аёлларнинг мураббийлик фаолиятини таъминлаш;
  • тадбиркор аёллар тармоғини ва аёлларнинг тадбиркорлик тармоқларида иштирок этишини рағбатлантириш;
  • гендерга асосланган инновацияларни тарғиб қилиш;
  • ташқи рағбатлантириш ва аёлларнинг раҳбарлиги остидаги инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва жамиятда новатор хотин-қизларнинг фаолиятини тарғиб қилиш;
  • янги компанияларда гендер тенглигига асосланган ишчи кучи ва тенг имкониятларни тарғиб қилиш.