Ўзбекистон халқаро ислом академиясида зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда ушбу йўналишдаги мутахассисларни тайёрлаш масалаларига бағишланган йиғилишбўлиб ўтди. Ушбу тадбирда президент маслаҳатчиси, Халқаро ислом академияси ректори Рустам Касимов ва бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов қатнашган.

Унда Азиз Абдуҳакимов «Ал-Бухорий» халқаро спутник телеканалида мусулмон аҳолиси кўп бўлган мамлакатлар тилларида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини намойиш қилиб, тарғибот кампаниясини кучайтиришни, шунингдек инновацион музей ҳамда Зиёрат туризми маркази ташкил қилишни ҳам таклиф қилган.

Азиз Абдуҳакимов шунингдек, Ўзбекистон зиёрат туризми соҳасида эришилаётган ютуқларга ҳам тўхталиб ўтган.

«2018−2019 йилларда визасиз режим жорий этилган Индонезиядан ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими — 170 фоизга, Малайзиядан — 158 фоизга, Туркиядан — 154 фоизга, БААдан келувчи мусулмон сайёҳлар сони 153 фоизга ошди. Шуниси диққатга сазоворки, „Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси“ (Global Muslim Travel Index) рейтингида Ўзбекистон 10 поғона (32-ўриндан 22-ўринга) юқорилаб, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган „энг жозибадор“ ҳамда „хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори“ бўлган 10 мамлакат қаторидан ўрин олди. Шу билан бирга, мамлакатимиз „Halal Travel Frontier 2020“ ҳисоботида исломий меросни қайта тиклаш орқали мусулмонлар туризми бозорида янги трендга асос солган мамлакат сифатида эътироф этилди», — деди Абдуҳакимов.