ЮНЕСКОнинг маълумотларига кўра, 2020 йилда ўз вазифасини бажариш давомида 59 нафар журналист ўлдирилган. Шулардан 4 нафари аёл киши бўлган. Таъкидланишича, пандемия бошланиши билан журналистларнинг хавфсизлиги борасидаги муаммолар ҳам жиддийлашди.

Энг кўп журналист Лотин Америкасида ва Кариб денгизи бўйи ҳудудларида ҳалок бўлган — 22 нафар журналист. Араб давлатларида эса ўз вазифасини бажараётганда 9 нафар, Африкада 6 нафар журналист ўлдирилган.

Шундай бўлсада, 2020 йил журналистлар учун охирги ўн йил ичида энг хавфли йил эмас. Масалан, ушбу кўрсаткич 2019 йилда 57 нафарга тенг бўлган бўлса, 2018 йилда 99 нафарни ташкил қилган.

Журналистларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ муаммолар COVID-19 пандемияси бошланиши билан ёмонлаша бошлади, дея хабар берди ЮНEСКО. Пандемия туфайли юзага келган инқироз реклама даромадларидаги катта йўқотишлар профессионал оммавий ахборот воситаларининг барқарорлиги ва мавжудлигини хавф остига қўйди. Журналистлар бундан ҳам хавфли муҳитга, маълумот излаш, олиш ва тарқатишда чекловларга дуч келишди.

«Янги йил арафасида мен халқаро ҳамжамиятни маълумотларнинг жамиятга манфаат келтирувчи сифатидаги аҳамиятини сақлаб қолишга чақираман. Журналистикани ҳимоя қилиш ҳақиқатни ҳимоя қилишдир», — деди ЮНЕСКО бош директори Одрэ Азуле