Президент Шавкат Мирзиёев 23 декабрь куни инвестициялар ва ташқи савдо соҳасидаги ишлар натижадорлиги ҳамда 2021 йилга мўлжалланган асосий вазифалар муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда коронавирус пандемияси бутун дунё иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатгани, айниқса, экспорт ва инвестиция жараёнларида турли қийинчиликлар юзага келгани таъкидланди. Шунга қарамасдан, 2019 йилда 6,5 млрд доллар, бу йили 6,6 млрд доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилингани ва бу ижобий кўрсаткич экани қайд этилди. Жорий йилда экспорт ҳажми 15 млрд долларни ташкил этиши кутилаётгани айтилди.

Давлат раҳбари халқаро молия институтларидан олинган қарзлар натижаларига эътибор қаратиб, қарз йўналтирилган тармоқ раҳбарлар масъулият ва жавобгарликни сезмаётганини қайд этди.

Фото: Президент матбуот хизмати.

«Молия институтларимиздан олган ҳамма қарзларимизни иқтисод нуқтаи назаридан, пировард мақсад нуқтаи назардан натижалари нима бўлади? Иккинчидан, қарз олувчи тармоқ раҳбарлари қарорларда белгиланган масъулият ва жавобгарлигини сезаяптими, йўқми? Ман ўйлайманки, ҳали йўқ. Лойиҳаларни ичидаги таннархни камайтириш, маҳаллийлаштириш бўйича нима қилиш керак? Инвестицияни ҳар бир сўми, авваламбор, рақобатбардош маҳсулот чиқариш учун, пировард мақсад — экспортни таъминлаш учун. 2021 йилга 7,5 млрд доллар тўғридан-тўғри инвестицияни ўзлаштириш режасини қўймоқдамиз. Саноатимизни ривожлантириш учун, муддатда бажариш учун нима қилишимиз керак?» — деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда давлат раҳбарига тақдимот қилинишича, келгуси йилда 249,8 трлн сўмлик инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда. Шундан, 7,5 млрд доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар, 2,9 млрд доллари давлат кафолати остидаги хорижий кредитлар, 239 млн доллар ЎТТЖ маблағлари, 57,6 тлрн сўм корхоналарнинг ўз маблағлари, 39,9 трлн сўм тижорат банклари кредитлари, 17,2 трлн сўм бюджет маблағлари ҳисобига тўғри келмоқда.

Давлатлар кесимида инвестицияларнинг умумий ҳажмига нисбатан энг кўпи — Хитой (18,2 фоиз) ва Туркияга (14,1 фоиз) тўғри келмоқда. Шунингдек, Германия (9,5 фоиз), Россия (7,5 фоиз), АҚШ (7,4 фоиз), БАА (4,4 фоиз), Жанубий Корея (4,3 фоиз) ва Францияга (2,1 фоиз) тўғри келмоқда.

Жаҳон банки — 546,7 млн доллар, Осиё тараққиёт банки — 686,1 млн доллар, ЕТТБ — 154,3 млн доллар, JICA — 204 млн доллар, Ислом тараққиёт банки — 114,6 млн доллар давлат кафолати остидаги хорижий кредитлар жалб қилиниши режалаштирилган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Савдор Умурзоқов тақдимот қилмоқда. Фото: Президент матбуот хизмати.

2021 йилда 7,5 млрд долларлик инвестициялар 226 та йирик лойиҳани амалга оширишга йўналтирилади ва натижада 34 мингта янги иш ўрни яратилиши прогноз қилинган.

Шу боис 1 январдан бошлаб, халқаро молия институтлари кредит маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган лойиҳалар бўйича янги тизим жорий этиш, ҳар бир лойиҳада белгиланган маблағларни самарали ўзлаштириш ва натижадорлигини таъминлаш мақсадида «Лойиҳа офислари» раҳбар ва ходимлари малакасини ошириш ва уларни ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.

Келгуси йили экспорт ҳажми 17 миллиард доллар атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда. Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга экспорт шартномаларини ҳозирданоқ тузиш, 1 январдан Экспортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан экспортолди молиялаштириш тизимини йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.