Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги биргина истеъмолчининг мурожаатини (зарар 420 сўмни ташкил этган) ўрганиш жараёнида Ucell компанияси 337 975 та абонентга жами 97 млн сўмдан ортиқ зарар етказганини аниқланди. Бу ҳақда агентлик ахборот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, 1 октябрдан бошлаб Ucell компаниясининг абонент ҳисобларидан 420 сўмни олиб қўйиши тўғрисида келган SMS-хабар кела бошлаган. Абоненти ушбу вазиятга ойдинлик киритишга уринган ва мутасадди ташкилотларга мурожаат қилган. Натижада эса ҳозирда мавжуд бўлмаган хизмат учун ҳам ҳисобдан маблағ ечиб олингани аниқланган.

«Истеъмолчи Ucell абонент Al-Chiroq акцияси иштирокчиси, бу тармоқда атиги 84 сўмга дақиқаларни, SMS-тўпламларни ёки интернетнинг мегабайтлари тақдим этилади. Бу хизмат неча кундан буён мавжуд эмаслигига қарамай, пул абонент ҳисобидан чиқарилди. Ўз навбатида, истеъмолчи pm.gov.uz веб-сайтида мурожаат қолдиришга қарор қилди, унинг тафсилотлари Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ўрганилди», — дейилади хабарда.

Агентлик COSCOM МЧЖга хат юбориб, натижада истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиш ҳолатлари мавжудлигини аниқлаган. Жумладан:

Al-Chiroq акцияси шартларига кўра, Ucell компаниясининг рўйхатдан ўтган абонентлари Контент-провайдерлар томонидан махсус ишлаб чиқарилган First IT-Group мобиль дастурда кунига 1 сўмдан кунлик абонент тўлови эвазига битта хизматни олиш имконияти мавжуд эди. 2020 йил 25 августдан бошлаб эса акция учун кунлик абонент тўлови 84 сўмни ташкил этади.

Жорий йилнинг 30 сентябрдан ускуналарда носозлик келиб чиққан, 5 октябрда Контент-провайдер томонидан носозлик бартараф этилган. Мазкур носозлик туфайли абонентлар 30 сентябрь — 4 октябрь оралиғида акция шартларида кўзда тутилган хизматлардан фойдалана олмаган.

«Ўрганиш натижасида ҳисобидан ноқонуний маблағ ечилган истеъмолчи ягона эмаслиги аниқланган. Акцияда 30 сентябрь — 4 октябрь кунлари 337 975 та абонент қатнашган — улардан жами 97 432 379,33 сўм миқдорида абонент тўлови ечиб олинган. Абонентларнинг фойдаланилмаган хизмат кунлари учун маблағлари компания томонидан тўлиқ қайтариб берилди», — дейилади агентлик хабарида.

Маълумот ўрнида, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 21-моддасига кўра, сотувчи истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.