Telegram асосчиси Павел Дуровнинг маълум қилишича, Telegram’да фаол фойдаланувчилар сони 500 миллионга яқинлашмоқда. У шу сабаб кўпчилик «бундай ўсиш учун ким маблағ ажратади?» деган саволни бермоқда деб ёзган. Чунки фойдаланувчилар сони ортиши билан, харажатлар ҳам ортиб бораверади.

Дуров 2021 йилдан бошлаб Telegram’ни тижоратлаштиришини маълум қилди. Унинг айтишича, компания бунда ўз қадриятларига содиқ қолади ва оддий фойдаланувчилар дастурдан бепул фойдаланишда давом этади, «фарқ деярли сезилмайди». Ҳозирда мавжуд хизматлар бепуллигича қолади.

Бизнес жамоалар ва қўшимча эҳтиёжли фойдаланувчилар учун пуллик қўшимча функциялар жорий этилади.

Шахсий ва гуруҳ чатларида рекламалар бўлмайди, тижоратлашув оммавий каналларда рекламалар берилиши эвазига амалга оширилади. Оммавий каналлар учун реклама платформаси таклиф этилади.

«Биз каналлар учун ўз шахсий платформамизни таклиф қиламиз. У фойдаланувчилар учун қулайлик ва маҳфийликни таъминлайди, биз учун эса серверлар ва трафик харажатларини қоплашга имкон беради», — дейди Павел Дуров.

Масалан оммавий каналлар реклама платформаси орқали монетизация қилинадиган бўлса, ушбу каналлар эгалари ўзларининг имкониятларига қараб бепул трафикка эга бўлишади.

Telegram асосчисининг айтишича, ушбу ёндашув мессенджернинг мустақиллигини сақлаб қолади ва ривожланишига туртки бўлади.