«Россия темир йўллари» компанияси Ўзбекистон ва Тожикистондан етиштириладиган мева ва сабзовот маҳсулотларини ҳаракатли рефрижератор таркибида олиб киришга 50% лик чегирма жорий қилди. Ушбу тариф 2021 йил давомида тўлиқ амалда бўлади. Бу ҳақда компания сайтида маълум қилинди.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, январь-ноябрь ойлари давомида амалга оширилган Ўзбекистон мева-сабзавот экспортининг энг катта қисми (26%) Россияга тўғри келган бўлиб, 243,1 млн долларга тенг бўлди. 2019 йилнинг шу даврида эса ушбу кўрсаткич 151,1 млн долларга (13,3%) тенг бўлган эди.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойи охирида «Россельхознадзор» Фарғона вилоятидан помидор ва қалампир олиб киришга тақиқ қўйган эди. 11 декабрь кунидан эса Қашқадарё ва Навоий вилоятларида етиштирилган помидор ва қалампирлар маҳсулотларининг киритилишига тақиқ қўйилди. Кейинчалик Фарғона вилоятида етиштирилган помидор ва қалампирларга қўйилган тақиқ қисман бекор қилинган эди.