Британиядаги коронавируснинг мутацияга учраб, тез тарқалаётган янги штамми кўпроқ болалар ва ёшларда аниқланмоқда ҳамда касаллик белгиларида деярли ўзгариш йўқ. Бу ҳақда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева маълум қилди.

«Мутациядан сўнг вируснинг тож оқсилларида ўзгариш бўлган — булар вируснинг одам танаси ҳужайралари қобиғидан ўтиб, ичкарига киришида калит вазифасини ўтовчи қисмидир. Вирус шу тожлар орқали тана ҳужайраси юзаси билан контактга киришади. Ишлаб чиқилаётган вакциналар коронавируснинг ташқи қобиғи, яъни ёғ кислотаси мавжуд S-оқилли қобиғига таъсир қилади», — деди у.

«Вакцина иммун тизимини вируснинг турли таркибий қисмларига ҳужум қилиш учун тайёрлайди, бу эса тожнинг муайян қисми мутацияга учраса ҳам, вакцина самараси сақланиб қолишини англатади», — дея таъкидлади Севара Убайдуллаева.

Эслатиб ўтамиз, Буюк Британияда аниқланган коронавируснинг янги штамми бир неча мамлакатларда қайд этилгани ҳақида хабар берган эдик. Саудия Арабистони ушбу штамм туфайли чегараларини ёпди. Исроилга чет элликларнинг кириши тўхтатилди.

Ўзбекистондаги эпидемиологик барқарорликни сақлаб қолиш ва коронавирус инфекцияси тарқалишининг янги ўчоқлари пайдо бўлишига йўл қўймаслик мақсадида Республика махсус комиссиясининг қарори билан, 21 декабрь санасидан 2021 йил 10 январга қадар қуйидаги давлатлар билан халқаро авиарейслар (кириш, чиқиш ва транзит рейслар орқали республикага кириш)тўхтатилди.