Россия ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги илмий марказининг маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 9 ойи давомида чет эл фуқаролари сабабчи бўлган ЙТҲлар сони 3478 тани ташкил этган.

Россиядаги хорижликлар орасида Ўзбекистон фуқаролари энг кўп ЙТҲ келтириб чиқаришган. Ўзбекистонликлар сабабчи бўлган 797 та аварияда 58 киши вафот этган, 1080 киши жароҳатланган.

Бундан ташқари 701 та ЙТҲга қирғизистонликлар, 599 тасига тожикистонликлар, 282 тасига озарбайжонликлар, 280 тасига арманистонликлар сабабчи бўлган.

Тожикистон фуқаролари келтириб чиқарган ЙТҲларда энг кўп ўлим ҳолатлари (76 нафар қурбон) қайд этилган.

Меҳнат мухожирлари дуч келаётган кўплаб ножўя ҳодисалар унчалик омадли бўлмаган ижтимоий-маданий адаптация оқибатида рўй бераяпти, деб изоҳ берди «Коммерстантъ»га Бутунроссия ўзбеклар ва ўзбекистонликлар конгресси раиси Иброҳим Худойбердиев. «Бу ҳайдовчилик маданиятига ҳам тегишли. Фуқароларнинг ҳаммаси адолатли, лекин баъзилари бензин пулини чиқариш ва тирикчилик илинжида 14−15 соатдан ишлашига тўғри келади. Бугун мигрантлар орасида турли ҳолатларда ўзини қандай тутиш бўйича 4−5 тилга таржима қилинган инструкциялар брошюраси тарқатиляпти. Лекин масалани комплекс ҳал қилиш учун меҳнат мухожирларининг ижтимоий мослашуви тўғрисидаги федерал қонун зарур» (қонун лойиҳаси 2014 йилдан бери муҳокама қилинади, лекин қабул қилинмаган — таҳр.).