19 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг ўнинчи ялпи мажлисида туҳмат ва ҳақорат қилиш ҳолатлари билан боғлиқ жиноятлар учун жазони енгиллаштирувчи қонун маъқулланди. Унга кўра, ушбу жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо бекор қилинмоқда. Парламент юқори палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ўзгаришлар жамиятда ошкоралик даражасини оширишга ҳисса қўшиши керак. Шу билан бирга, ёлғон ахоротни тарқатганлик учун юридик жавобгарлик чоралари қўлланилади.

Сенатнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Жиноят кодексининг 139-моддасига (Туҳмат) киритилаётган ўзгартишларга мувофиқ, нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган тарзда, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади. Илгари ушбу жиноятни содир этганлик учун 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам белгиланган эди.

Туҳмат оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб, оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда, хавфли рецидивист томонидан ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда қилинса — БҲМнинг 300 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатдан 400 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади. Аввалги талқинда 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган эди.

Сенат туҳмат ва ҳақорат учун жавобгарликни юмшатиш бўйича тавсиялар илгари БМТ, ЕХҲТ ва Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) томонидан таклиф этилганини эслатди. Президентнинг 2019 йил 13 декабрдаги фармони билан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ чораларни бекор қилиш бўйча таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилган эди.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 202−2-модда («Ёлғон ахборот тарқатиш») билан тўлдирилди. Унга мувофиқ, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш — БҲМнинг 50 миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солуви ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш — БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодекси эса 244−6-модда («Ёлғон ахборот тарқатиш») билан тўлдирилмоқда. Ушбу моддага кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса — БҲМнинг 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, ушбу Кодекснинг 244−1-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — БҲМнинг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Юқорида назарда тутилган ҳаракатлар такроран ёки хавфли рецидивист томонидан кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса — БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима солиш ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади. Агар оммавий тадбирлар жараёнида ёки фавқулодда вазият ҳолатида, жуда кўп миқдорда зарар етказилган ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлган ҳолда, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса — БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 2 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Ушбу қонун кучга кириши учун Ўзбекистон президенти томонидан имзоланиши лозим.