Қозоғистонда 25 декабрдан 5 январгача коронавирус тарқалишига қарши чекловлар кучайтирилмоқда. Барча оммавий тадбирларни, шу жумладан, боғчалардаги янги йил байрамлари ва жамоавий байрам корпоративлари, спорт, томоша тадбирларини ўтказиш тақиқланади, дея хабар берилди Қозоғистон ҳукумати сайтида.

Хабарда айтилишича, Қозоғистонда ҳозирда COVID-19 билан боғлиқ вазият тўлиқ назорат остида. Бироқ январь-февраль ойлари давомида инфекция тарқалиш хавфи катта.

Шунингдек, Қозоғистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича комиссия қабул қилган қарорга кўра, улгуржи бозорда COVID-19'га қарши дори воситаларини ўртача 24% га арзонлаштириш буюрилди.

Бундан ташқари, Қозоғистонда 9, 11, 12-синф ўқувчилари учинчи чоракликдан бошлаб таълимнинг бирлаштирилган, яъни 70% фанлар анъанавий кўринишда, 30% фанлар эса масофавий тарзда олиб борилади.