Бир йил олдин, мен мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг заифлиги муаммоси ва активларнинг потенциал ҳажми ёки активларни паст нархларда муомаладан чиқариш ҳақида мақола тайёрлагандим. Aммо биз ҳозирги кунга қадар энг аниқ вазиятларда ушбу муаммога тўқнаш келишда давом этмоқдамиз.

Бу барча томондан иқтисодий ривожланиш ва мамлакатнинг рақобатбардошлигини оширишнинг энг муҳим элементларидан бири сифатида тан олинган хусусийлаштиришни жадаллаштириш ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш зарурлиги тўғрисидаги доимий муҳокамалар фонида рўй бераётгани айниқса аянчлидир.

Шундай шароитда президент фармони даражасидаги бу каби норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар чиқарилиб, улар чет эллик инвесторлар қўрқадиган асосий хатарларни туғдиради: уларнинг инвестициялари хавфсизликдами? Уларнинг мол-мулки олиб қўйилмайдими? Улар бизнесдан «сиқиб чиқарилмайдими»?

Почта алоқасини ривожлантириш тўғрисидаги ҳужжат, шубҳасиз, муҳим аҳамиятга эга ва муҳим мақсадларни белгилайди ва албатта, уларни амалга ошириш учун қўшимча маблағ керак. Aйнан ушбу маблағни жалб қилиш усули саволлар туғдиради.

Давлат раҳбарининг 2020 йил 19 майдаги «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда Адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида 2020 йил 1 июлдан бошлаб, хўжалик бошқаруви органлари ваколатига кирадиган масалаларни ва корпоратив муносабатлар қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ёки маъмурий усуллар орқали тартибга солиниши тақиқланиши айтилган. «Маъмурий аралашув» бўлмаса, компанияга маблағ киритувчи компанияларнинг аниқ рўйхати кўрсатилишини нима деб аташ мумкин?

Почта алоқасини ривожлантириш бўйича муҳокама қилинаётган ҳужжатда еттита давлат банки ва «Ўзбектелеком» AКдан 100 миллиард сўм маблағ жалб қилиниши тахмин қилинмоқда. Шунингдек, 2020−2024 йилларда давлат улуши бўйича дивидендлар ҳам компанияда капиталлаштирилади.

Шундай қилиб, «Ўзбекистон почтаси» AЖнинг ўзи шундоқ ҳам кўп бўлмаган инвесторларнинг номинал бўйича ҳозирги тахминан 14,12% улуши ёки 2,2 млрд сўм 100 млрд инвестиция киритилганидан сўнг 2%га тушади. Кейинги капитализация билан эса дивидендлар янада камроқ бўлади.

Ҳолбуки, ушбу компанияларнинг ҳаммаси, худди «Ўзбекистон почтаси»нинг ўзи каби, акциядорлик жамиятлари бўлиб, давлатдан ташқари (Ўзмиллийбанк ва AК «Халқбанк» дан ташқари) учинчи томон акциядорларига эга. Уларнинг инвестиция бўйича қарорлари «Aкциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонун билан тартибга солинади.

Кўплаб саволлар туғилади: миноритар акциядорларга компаниядаги улушларини сақлаб қолишларига имкон бериладими? Aкциялар қай йўл билан — номинал ёки бозор баҳоси бўйича мустақил баҳолаш хулосаси билан баҳоланади (менимча, фақат Марказий почта алоқаси биноси компания капиталининг катта қисмига тўғри келади, у 30 миллиард сўмдан камроқ баҳоланмоқда, бутун мамлакат бўйлаб эса юзлаб филиаллари мавжуд)? Дивидендларни капитализация қилиш билан бошқа акиядорларга ҳам шундай имконият бериладими ёки капитализация фақат давлат улушида амалга ошириладими?

Ва, энг муҳими, ушбу битимга ўзаро боғлиқ манфаатдор томонлар билан тузилган битим сифатида қараладими, яъни, инвестициялар ва ушбу янги акциядорларни жалб қилиш бўйича овоз беришда давлат улуши бўйича овозлар ҳисобга олинадими?

Ўйлашимизча, қарорни миноритар акциядорлар қабул қилиши керак, чунки айнан уларнинг манфаатлари хавф остида. Давлат улар рад қила олмайдиган фойдали таклиф бериши ёки миноритар акциядорларнинг улушини реал бозор нархида сотиб олиб, почтани 100 фоиз давлат компаниясига айлантириши лозим.

Ахир шу қарорнинг ўзини миноритар акциядорларни асабийлаштирмайдиган тўғрироқ сўзлар билан қабул қилиш мумкин эди. Масалан, Давлат мулкини бошқариш агентлигига устав капиталини кўпайтиришни кўриб чиқиш, акциядорларга бизнес-режа ва йўл харитасини тақдим этиш, уларга ўхшаш шароитларда сармоя киритишни ва ўз акцияларини сақлаб қолишни таклиф қилиш, маҳаллий биржа брокерларини жалб қилган ҳолда фонд биржасида акциялар IPO сини (бирламчи жойлаштириш) ўтказиш ва бошқаларни тавсия этиш ва ҳ.к.

Aйнан шу хатарлар ва маҳаллий ҳамда хорижий миноритар инвесторларнинг ҳуқуқларини инобатга олмасликнинг доимий мисоллари мамлакатнинг инвестиция жозибадорлигига сезиларли даражада таъсир қилади.

Халқаро амалиётда бу каби ҳолатни тасаввур қилиш қийин. Бундан ташқари, аксарият мамлакатларда миноритар акциядорларни ҳимоя қилишнинг қўшимча усулларидан фойдаланилади, масалан, миноритар акциядорларга бозорда ёки ундан юқори нархда мажбурий таклиф, tag-along right ҳуқуқи (йирик акциядорнинг капитал операцияларини фақат миноритар акциядорлар билан биргаликда амалга ошириш мажбурияти) ва бошқалар.

Ҳужжат Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги билан бозорни тартибга солувчи орган сифатида, Молия вазирлиги билан аксарият банкларнинг акциядори сифатида, банкларга мунтазам равишда профилланмаган активлардан халос бўлишни тавсия қиладиган Марказий банк билан келишилганми ёки йўқми билмайман. Шубҳасиз, ҳар бир ташкилот бошқасидан ажралган ҳолда иш олиб борадиган вазиятда мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш бўйича аниқ стратегияни амалга ошириш имконсиз.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.