«Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбасининг хабар беришича, Марказий банк, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбариятида ўзгаришлар амалга ошди.

2019 йилнинг март ойидан Марказий банк раисининг ўринбосари сифатида фаолият юритган Саидқаҳҳор Холхўжаев иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди.

Саидқаҳҳор Холхўжаев. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Саидқаҳҳор Холхўжаев 1981 йилда Тошкент вилояти Оққўрғон туманида туғилган. Тошкент молия институти бакалавр (2002) ва магистратура (2004) босқичларини тугатган. Бан соҳасида 17 йил фаолият юритган. 2017−2019 йилларда «Ўзагросуғурта» суғурта компаниясига раҳбарлик қилган.

Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими, давлат активларини бошқариш, рақобатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш котибияти раҳбари Аюбхон Камалов эса Марказий банк раисининг янги ўринбосари этиб тайинланди.

Аюбхон Камалов. Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги.

Аюбхон Камалов 1971 йилда Наманган шаҳрида туғилган. 1993 йилда Ленинград қишлоқ хўжалиги институти, 2001 йилда Наманган муҳандислик-педагогика институтини тамомлаган. 1994−2017 йилларда банк ва Молия вазирлиги тизимларида турли вазифаларда ишлаган.

2017−2019 йиллар давомида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ижрочи директори бўлган. Аюбхон Камалов 2019 йил февралидан 2020 йилнинг май ойига қадар Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаган.

Акмалхон Ортиқов. Фото: Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги.

28 мартдан бери иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Акмалхон Ортиқов Давлат активларини бошқариш агентлиги директори этиб тайинланди.

Акмалхон Ортиқов аввал Наманган вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган. У 1980 йилда туғилган, Тошкент давлат иқтисодиёт институтини тамомлаган. 2001 йилдан 2013 йилгача Молия вазирлиги тузилмаларида турли лавозимларда ишлаган.

2013−2015 йилларда Наманган вилояти, 2015−2017 йилларда Фарғона вилояти ҳокимияти молия бошқармасига раҳбарлик қилган.