«Дунё» хабарига кўра, 1 январдан Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Илҳомжон Неъматов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котибининг ўринбосари вазифасини бажаришга киришади.

Илҳомжон Неъматов Наманган вилоятида туғилган. Фарғона политехника институти ва Москвадаги Дипломатик академияни тугатган.

1992 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб келмоқда. У тизимда Консуллик бошқармаси бўлим бошлиғи лавозимида иш бошлаган. Турли йилларда Ўзбекистоннинг Ҳиндистон, Россия, АҚШдаги элчихоналарига раҳбарлик қилган, Ташқи ишлар вазирлигининг махсус топшириқлар бўйича элчиси, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, биринчи ўринбосари бўлган.