19 декабрь куни соат 06:50 да ис газидан заҳарланган 13 нафар ўсмир Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига келтирилди. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар берди.

Аниқланишича, мазкур ҳодиса Қарши шаҳридаги хусусий ўқув марказларидан бирига тегишли ётоқхонада газ билан ишлайдиган иситиш қозонидаги носозлик туфайли содир бўлган.

Ўсмирларнинг (ҳаммаси ўғил бола) энг кичиги 11, энг каттаси 14 ёшда. Уларнинг 3 нафари оғир, 5 нафари ўрта оғир ҳолда шифохонага келтирилган бўлса, қолганларига амбулатор шароитда тиббий ёрдам берилган.

Кўрсатилган тиббий хизматдан кейин уларнинг барчасининг аҳволи яхшиланган, дейилади хабарда.

Бош прокуратура хабарига кўра, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.