FIFA томонидан ўтказилган The Best 2020 маросимида йилнинг энг яхши футболчиси ва энг яхши мураббийси соврини эгалари эълон қилинди.

Унга кўра, Польша терма жамоаси ва «Бавария» клуби ҳужумчиси Роберт Левандовски 2020 йилнинг энг яхши футболчиси деб топилди.

У ўтган мавсумда ўз клуби билан 5 та совринни қўлга киритди. Шунингдек, Левандовски Чемпионлар лигаси, Бундеслига ва Германия кубогида тўпурар бўлди.

Йилнинг энг яхши мураббийсига аталган совринни эса кетма-кет иккинчи бор «Ливерпуль» клуби бош мураббийси Юрген Клопп қўлга киритди. У ўтган мавсумда ўз клуби билан бирга Англия Премьер-лигаси ғолибига айланган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ FIFA 2020 йилнинг энг яхши футболчиси, дарвозабони ва мураббийси совринларига номзодларни эълон қилган эди. Йилнинг энг яхши футболчисига сўнгги уч номзодлар орасида Криштиану Роналду ва Лионель Мессилар ҳам бор эди. Шунингдек, йилнинг энг яхши мураббийсига аталган совринни қўлга киритиши мумкин бўлган учта асосий номзод рўйхатидан «Лидс» клуби бош мураббийси Марсело Бьелса, «Бавария» клуби устози Ханс-Дитер Фликлар ҳам ўрин олганди.