Аввалроқ, «Газета.uz» Tashkent City боғига янги йил арафаси ва янги йил кунларида кириш пуллик этиб белгилангани ҳақида маълум қилган эди.

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев мазкур масала юзасидан Rost24`га ўз муносабатини билдирди.

«Муносабатни улар (дирекция) айтади. Паркларни сақлаб туриш учун бошқача чораси йўқ. Чунки у ерда шунча дарахтлар экилган, электр энергия кетади. Tashkent City қурилишига анча харажат қилинган. Буни сақлаб туришнинг ўзи қийин. Бир ойда сақлаб туришга 900 млн сўм, ҳар битта фонтанни отилишига бир кунда 1 млн сўмдан кўп пул кетади. Бунга бюджетдан пул ажратилмайди. Чунки солиқ тўловчилар кирса-кирмаса пул тўламайди-ку. У кирганида пул тўласа, ўшанда адолатли бўлса керак. Яъни бюджет солиқ тўловчиларнинг ҳисобига шаклланади. Одамларда ҳақли равишда савол туғилади. „Умуман Tashkent City`га кирмасам нимага мен тўлаётган солиқдан пул бераяпсизлар?“ дейиши мумкин. Шунинг учун ўзини-ўзи боққани ҳамма жойда энг долзарб манимча», — деди ҳоким.

Tashkent City боғига 17 декабрдан 10 январгача муддат оралиғида катталар учун чипта нархи — 10 минг сўм, болалар учун — 5 минг сўм, енгил автомобилда кириш — 20 минг сўм этиб белгиланган.