17 декабрь куни жамоат ишига жалб қилинган ва ойлигини ололмаган фуқаролар Нукус шаҳри марказига чиққани ҳақида маълумот берилган эди.

Меҳнат вазирлиги хабарига кўра, ноябрь ойида «Темир дафтар»га ва «Аёллар дафтари»га киритилган камбағал оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг бандлигига кўмаклашиш мақсадида Нукус шаҳрида 1184 нафар ишсиз фуқаро қўшимча равишда жамоат ишларига жалб этилган ва уларга 817 млн сўм иш ҳақи ҳисобланган.

Тартибга кўра, иш берувчи бажарилган иш ҳажми тўғрисида далолатнома тақдим этганидан сўнг мазкур ҳужжатлар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан кўриб чиқилиб, Жамоат ишлари жамғармасидан қўшимча маблағлари молиялаштирилиб берилади. Ҳозиргача 226 млн сўм тўлаб берилган.

«Қолган 591 млн сўм маблағ 18 декабрь куни Нукус шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан тўлиқ тўлаб берилади. Айбдор шахсларга нисбатан интизомий чоралар кўрилади», — дейилади вазирлик баёнотида.