Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида раис Танзила Норбоева Конституцияга ўзгартириш киритиш масаласи кун тартибидан жой олмаганини таъкидлади.

«Ижтимоий тармоқларда ҳам кун тартибига Конституцияга қўшимча ва ўзгартириш киритиш масаласи борлиги тўғрисида ўқидим. Бу мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди. Ялпи мажлис кун тартибида Конституцияга қўшимча ва ўзгартириш киритиш тўғрисида масала киритилмаган. Конституция бизнинг бош қомусимиз. Унга қўшимча ва ўзгартириш киритиш халқимиз билан бемаслаҳат қилинмайди», — деди Сенат раиси.

Норбоева шунингдек, ижтимоий тармоқларда Конституцияга сирли тарзда ўзгартириш киритилаётгани ҳақидаги гап-сўзларга ҳам тўхталиб ўтди.

«Яна „сирли“ деган сўзга алоҳида урғу бермоқчиман. Ўзбекистонда ҳеч бир нарса сирли эмас. Ҳамма масала очиқ-ошкоралик билан қабул қилиняпти, кўриб чиқиляпти, халқ билан бамаслаҳат қилиняпти. Мен нафақат қонунларни, балки қонуности ҳужжатларни ҳам назарда тутяпман. Ҳатто президентимиз қабул қилаётган ҳар бир фармон, ҳар бир қарорга имзо чекишдан аввал халқ билан маслаҳатлашиб, айниқса ҳудудларда депутатлар, жамоатчилик кенгаши, олимлар, экспертлар фикри ўрганилиб, маҳалла раислари ёки жамоатчилик кенгашларининг селектор йиғилишларида фикр-мулоҳалари тинглаб, кейин имзо чекяптилар», — деди Танзила Норбоева.

Аввалроқ, 11 декабрь куни бўлиб ўтган Сенат Кенгашида навбатдаги ялпи мажлис кун тартибидан ўрин олган масалалар ҳақида маълум қилинган эди. Шу қаторда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги қонун ҳам мавжудлиги ва уни кўриб чиқиш режалаштирилаётгани айтилган эди.

Маълумот ўрнида, Конституциянинг олтинчи — Конституцияга ўзгартириш киритиш тартиби — бўлимининг 128-моддасига мувофиқ, Олий Мажлис тегишли таклиф киритилгандан кейин олти ой мобайнида Конституцияга ўзгартиришлар ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қонун қабул қилиши мумкин. Агар Олий Мажлис Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги таклифни рад этса, таклиф бир йил ўтгандан кейингина қайта киритилиши мумкин.