17 декабрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати маълум қилмоқда.

Қарорга мувофиқ, барча автомототранспорт воситалари учун яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиш талаби бекор қилинди.

Эндиликда мазкур талаб фақатгина қуйидаги 6 та ҳолат бўйича мажбурий этиб белгиланди:

  • транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганда;
  • йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситаларида;
  • болалар гуруҳини ташкилий ташишда;
  • хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда;
  • механик транспорт воситаларини шатакка олишда;
  • мотоцикл ва мопедларда.

Хабарда мазкур талаблар йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга, шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаёти ва соғлиғини асрашга хизмат қилиши таъкидланган.