Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида 2021 йил учун Давлат бюджети Сенат аъзолари томонидан маъқулланди.

Унга кўра, Давлат бюджетининг 2021 йилги харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 165,8 трлн сўмни ёки ЯИМ га нисбатан 24 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Давлат бюджети умумий харажатларининг 52 фоизини яъни 86 трлн сўмни ижтимоий соҳа харажатлари ташкил этиши кутилмоқда. Жумладан, ижтимоий соҳа харажатларининг 40 фоизи таълим соҳасига йўналтирилмоқда.

Шунингдек, 2021 йилда Давлат бюджети даромадлари 147,2 трлн сўм миқдорида ёки жорий йилга нисбатан 13 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари 26,2 трлн. сўм, харажатлари эса 40,8 трлн. сўм миқдорида режалаштирилган.

Давлат мақсадли жамғармаларига республика бюджетидан 15,9 трлн сўм маблағ ажратиш ҳам белгиланган.

Жумладан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 23,5 трлн сўм, харажатлари 36,5 трлн сўмни ташкил этгани ҳолда бюджетдан 14,7 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, инфляция даражасининг пасайиш тенденцияси давом этиши ва келгуси йилда унинг 10 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.